“Kompromatuzb”га оид ишни кўриб чиқиш жараёни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида 18 июль куни бошланади. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.
Жиноят иш доирасида Human.uz сайти асосчиси ва муҳаррири Хуршид Далиев, “Ўзбекнефтгаз” собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ва Аҳмадулло Аҳмаджонов Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат), 165-моддаси (товламачилик), 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевага Жиноят кодексининг 165-модда 2-қисми (товламачилик) асосида айблов билдирилган.
Олий суд маълумотида билдирилишича, жиноят иши бўйича 19 нафар жабрланувчи мавжуд. Жабрланувчилар рўйхатида собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Афзал Ирматов, Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмоновлар қайд этилган.
Озодликда мавжуд маълумотларда айтилишича, жиноят ишида келтирилган умумий зарар миқдорининг Хуршид Далиев ва бошқаларга оид қисми 5 миллиард 138 миллион сўмдан ортиқ.
Озодликда нусхаси мавжуд айблов хулосасига кўра, айбланувчи Х. Далиев ва бошқалар “товламачилик йўли билан мазкур молия муассасаларини реклама ва бошқа ижтимоий роликлар кўринишида Human.uz ва бошқа сайтларда чиқишлар қилишга мажбурлаган”.
Айблов хулосасида шунингдек, айбланувчилар “бир қанча шахсларга нисбатан туҳмат қилиб, ўзлари томондан ташкил қилинган Kompromatuzb телеграм канали орқали обрўсизлантиришга ҳаракат қилгани” иддао қилинади.
Айблов юзасидан ҳибсдаги журналистларнинг муносабати Озодликка маълум эмас. Ҳозирга қадар адвокатлари уларнинг ҳибсдаги аҳволи ва айбловлар юзасидан жамоатчиликка бирон маълумот бермаган.
Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна бир неча журналист шу йилнинг 27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан қўлга олингани маълум қилинганди.
Шу йил майида Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётганини қайд этган.
Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган.
Шунингдек, Ўзбекистонда мулозимлар ҳеч иккиланмай журналистларга иқтисодий босим ўтказаётгани ёки уларни сотиб олишга уринаётганига, мустақил ОАВ ривожланишига феълан қонун билан тўсиқлар қўйилаётганига эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, RSF ҳисоботида 20 йиллаб қамоқда ўтирган журналистлар сўнгги йилларда озод этилган бўлса-да, улар реабилитация қилинмагани қайд этилган.