АҚШ Конгресси қуйи палатаси Украинага катта миқдордаги ёрдамни маъқуллади


АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси республикачиларнинг қаттиқ қаршилигига қарамай кўпчилик овоз билан Украина, Исроил ҳамда Тайван учун умумий 95 миллиард долларлик ёрдам пакетини ажратиш лойиҳасини қабул қилди ҳамда тасдиқлаш учун Сенатга юборди.

Қонун лойиҳасига кўра, Украина можароси учун учун 60,84 миллиард доллар ажратилади, шундан 23 миллиард доллар ҳарбий захираларни тўлдириш учун мўлжалланган.

Исроил учун эса 26 миллиард доллар йўналтирилмоқда, шундан 9,1 миллиард доллар гуманитар эҳтиёжлар учун. Қолган 8,12 миллиард доллар Тайванни ўз ичига олган Ҳинд-Тинч океани минтақаси хавфсизлигини кучайтириш учун ажратилиши кўзда тутилган.

Демократик партия раҳбари президент Жо Байден ва Сенатдаги юқори мартабали республикачи Митч МакКоннелли сингари қонунчилар Республикачилар палатаси спикери Майк Жонсонни қонун лойиҳасини тасдиқлашга чақириб келаётган эди.

Сенат қонун лойиҳасини келаси ҳафта тасдиқлаб, имзолаш учун Жо Байденга юбориши кутилмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ўзинимг тунги видеомурожаатида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.

Зеленский бу ёрдам “урушни адолатли тарзда, Путиннинг мағлубияти билан тугатишда« муҳим эканини таъкидлади:

"Бугун АҚШ ёрдами бўйича узоқ кутилган қарорни олдик. Бунинг учун жуда қаттиқ курашдик. Айниқса фронтдаги аскарларимиз, Россия терроридан азият чекаётган шаҳар ва қишлоқларимиз бу ёрдамнинг аҳамиятини жуда чуқур ҳис қилади. Биз учун овоз берган Вакиллар палатасининг ҳар бир аъзосига раҳмат. Бу ҳаётни ҳимоя қилиш қароридир. Ҳудди биз каби рус ёвузлиги ғалаба қозонмаслиги кераклигига ишонадиган барча америкаликларга шахсан миннатдорчилигимни билдираман".

Ўтган йилдан бери Конгрессни Украинага қўшимча ёрдамни маъқуллашга ундаб келаётган АҚШ президенти Жо Байден бу ҳақида қуйидагича фикр билдирди

«Бугун ҳар икки партия аъзолари миллий хавфсизлик манфаатларимизни илгари сурувчи ва жаҳон саҳнасида Америка етакчилигининг кучини кўрсатувчи қарорни қабул қилди. Ушбу муҳим бурилиш нуқтасида улар тарихий чақириққа жавоб бериб, миллий хавфсизлигимиз учун зарур бўлган қонун йўлида бирлашдилар».

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Девид Кемероннинг Х ижтимоий тармоғида ёзишича, Украинанинг ғалабаси унинг иттифоқчилари қўлловига боғлиқ:

«АҚШ Вакиллар Палатасининг Украинага 60 миллиард долларлик маблағ ажратилишини қўллаб-қувватлаши олдинга қўйилган муҳим қадамдир. Агар Путин Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги қатъиятига шубҳа қилган бўлса, бу бизнинг жамоавий иродамиз сўнмаганлигини кўрсатади. Украина бизнинг қўллаб-қувватлашимиз билан ғалаба қозона олади”.

Еврокомиссия раҳбари Урсула вон дер Ляен АҚШ Когресси Сенатидан бу лойиҳани тезроқ қўллаб қувватлашни сўради:

“Мен АҚШ Вакиллар палатаси томонидан берилган ижобий овозни олқишлайман. Украина Россияга қарши курашда ҳар қандай ёрдамга муносиб. Инсонлар ҳаёти хавф остида қолар экан, АҚШ Сенатидан қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ тасдиқлашини сўраймиз. Трансатлантика иттифоқчилари эркинлик ва демократияни қўллаб-қувватлаш йўлида собитқадамдир”.

Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Конгрессининг Украина, Исрои ва Тайванга ёрдам ажратиш қарорига бундай муносабат билдирди:

"АҚШнинг Украина, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам ажратиши глобал инқирозни янада кучайтиради. Киев режимига ҳарбий ёрдам террорчилик фаолиятига бевосита ҳомийлик дегани, Тайванга ёрдам-Хитойнинг ички ишларига аралашиш, Исроилга ёрдам эса минтақадаги кескинлашувнинг кучайишига тўғридан-тўғри йўл очади.”

Бу ёрдам Украинага қанча муддатга етиши ҳозирча номаълум, вазиятга қараб Конгресс қўшимча ёрдамни муҳокама қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.