Ўзбекистон президенти Конституция куни муносабати билан 104 кишини афв этиш ҳақида фармон имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган” 104 нафар фуқарони афв этишга фармонни имзолади.

ЎзА хабарига кўра, фармон билан афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган, 50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 17 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган. Шунингдек, 41 нафар шахсга тайинланган қамоқ жазосининг муддати қисқартирилган.

Афв этилганларнинг 13 нафари чет эл фуқаролари, 9 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 1 нафари аёл ҳамда 21 нафари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар экани айтилмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Конституция куни муносабати билан 92 кишини афв этганди.

Ундан сўнг шу йил февраль ойида Ш. Мирзиёев 58 нафар маҳкумни , Хотин-қизлар куни муносабати билан (март ойи) 83 нафар маҳкумани, Рамазон ҳайити арафасида (май ойи) 258 кишини, Мустақилликнинг 29 йиллиги арафасида (август ойи) 113 нафар шахсни афв қилган.