Мирзиёев сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлишига умид билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 28 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида мамлакатда эришилган ютуқларни қайд этиш билан бир қаторда олдда турган улкан вазифаларни ҳам санаб ўтган.

Президентга кўра, Конституция ва қонунларни янада такомиллаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

“Жумладан, халқимиз манфаатларига, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, давр талабларига жавоб бермайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиб, қонунчилик базасини ихчамлаштириш, бизнес фаолиятини тартибга солиш борасидаги ортиқча нормаларни камайтириш зарур. Ушбу вазифаларни бажаришда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўладилар, деб ўйлайман”, деган Ш. Мирзиёев.

Президент мулоҳазасича, иккинчи улкан вазифа тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир.

“Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади. Мазкур йўналишдаги ишларимизни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб бормоқдамиз”, деган Мирзиёев бу масала Ўзбекистон учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолиши, коррупция – давлатни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизликка раҳна соладиган ғоят хатарли таҳдид экани, унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчанинг бурчи эканини таъкидлаган.

Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш масалаларига янада кучли эътибор қаратиш, президент фикрича, муҳим вазифаларнинг яна биридир.

Мирзиёев нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, хонадон ва маҳаллаларда, ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистонда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш тўртинчи устивор вазифа ўлароқ санаган.

Бешинчи муҳим вазифа сифатида президент сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишларнинг таъсирчанлигини янада оширишни белгилаган.

“Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз”, деган Ш. Мирзиёев ўз табригида.