Конституциянинг маъқулланган лойиҳаси эълон қилинди. Президентлик муддати 7 йилга узайтирилди

Олий Мажлис томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси интернетда ва Ўзбекистон ҳукуматига қарашли оммавий ахборот воситаларида 15 март куни эълон қилинди.

Аввалроқ янги таҳрирдаги асосий қонунга янги 27 модда киритилгани ва моддалар сони тамалдаги 128 тадан 155 тага етказилгани хабар қилинган эди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 106-моддасида президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш назарда тутилади. Айни пайтда бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги тўғрисидаги қоида ҳам сақланиб қолди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистонга оид 85-90 моддалар аввалги Конституцияда кўрсатилган тартибда қолдирилди. Ўтган йилнинг июлида Қорақалпоғистонга оид моддалардан “суверенитет” сўзи олиб қўйилгани ортидан Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар бўлиб ўтганди.

Конституция бўйича умумхалқ референдуми 30 апрелда ўтказилади