Урушда қатнашганлар "истисносиз жазоланади"- Ўзбек консуллиги

Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш оқибатидан огоҳлантирди.

Консуллик Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра “ёлланиш” – хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланганини эслатган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Украина. Ўзбек мигрантлари Украинадаги урушга ёлланмоқдами?

Бу ўринда дипломатик ваколатхона Россия томонида Украинага қарши урушаётан ўзбекистонликларни назарда тутаётганини англаш қийин эмас.

Қозон шаҳридаги бош консулликка кўра, Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этгани тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча фуқаролар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилади.

Дипломатик идора ватандошларни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга ундаган.

Таҳлилларга қараганда, Украинада Россия қўшини сафида жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчилик ташкил қилади. Улар асосан Россияда судланиб, қамоқхонада жазо ўтаётган кишилардир. Бироқ ёлланмалар орасида РФ фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.

Ўтган йили Украина урушида Россия томонида жанг қилган 34 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани хабар қилинган.