Жанубий Корея сўнгги олти йилда илк маротаба Шимолий Кореяни душман деб атади

2022 йилда Шимолий Корея кўплаб ракета синовларини ўтказди.

Жанубий Корея кейинги икки йилга мўлжалланган ҳарбий дастурида Шимолий Кореяни «душман» деб атади. Сўнгги йилларда бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашган эди.

«Шимолий Корея ўз ядровий бомбаларидан воз кечмаяпти ва биз учун ҳарбий таҳдид сифатида қолмоқда. Шунинг учун Шимолий Корея ҳукумати ва армияси бизнинг душманимиздир», дейилади Жанубий Кореянинг янги ҳарбий дастурида.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 2022 йилнинг декабрида Жанубий Кореяни «шубҳасиз бизнинг душманимиз» деб атаган эди.

Жанубий Кореянинг янги ҳарбий дастурида Шимолий Кореянинг мамлакатга бостириб кириш эҳтимолига тайёр туриш, Корея ярим оролида урушнинг олдини олиш ва келажакда Кореянинг тинч йўл билан бирлашувига омил яратиш каби мақсадлар белгилаб қўйилди.

Сўнгги олти йилда қабул қилинган ҳарбий дастурларида Жанубий Корея «мамлакат суверенитети, ҳудуди ва мулкига таҳдид қилган ҳар қандай куч душман» эканини таъкидлаган, бироқ Шимолий Кореяни тилга олмаган эди.

2022 йилда Шимолий Корея кўплаб ракета синовларини, жумладан, Жанубий Кореяга ядровий зарба бериш имитациясини ўтказди. Бунга жавобан Жанубий Корея АҚШ ва Япония билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.