22 март куни Истанбулдан Тошкентга келган чартер рейси орқали уча олмаган ўзбекистонликларга кўра¸ бу рейсларга чипталар икки баравар қимматга сотилмоқда.
Истанбул аэропортидан Озодликка боғланган ўзбекистонликлар қўлида чиптаси бўла туриб, янгидан билет олишга мажбур қолаётганини билдирди.
Uzbekistan Airways ширкати ходими чипталар қимматлаганини тасдиқлади, бироқ бунинг сабабини очиқламади.
Коронавирус пандемияси сабаб Истанбулдан Тошкентга уча олмай қолган бир гуруҳ ўзбекистонликлар бир ҳафтадирки, аэропортда қолмоқда.
22 март куни Истанбулдан чартер рейси орқали олиб келинган ўзбекистонликлар Бухородаги карантин марказига жойлаштирилди.
Истанбул аэропортидан Озодликка боғланииб, аноним қолишни сўраган наманганликка кўра, унинг қўлида “Турк ҳаво йўллари”га олинган чиптаси бўлган ҳолда, 22 март кунги рейс билан уча олмаган:
“Биз онам билан Анталияга дам олгани келгандик. 19 март куни учишимиз керак эди. Лекин коронавирус сабаб рейсимиз отмен бўлди. Кеча қўйилган рейс орқали учамиз деб, умид қилгандик. Билетимиз “Турк ҳаво йўллари”га олинганди, кеча уни қабул қилишмади. Янгидан билет олишимизни айтишди. Биз бор пулимизга уйга совға-салом олганмиз. Пулимиз деярли қолмаган. Энди нима қилишимизни билмаяпмиз. Беш кундан бери аэропортда ётибмиз. Бугун кўчага ҳайдашди. Аэропорт олдида ўтирибмиз. Отелга жойлашай десак, пулимиз йўқ”, деди наманганлик аёл.
Истанбул аэропортида бир ҳафтадан бери қолаётган ангренлик йигит Uzbekistan Airways рейсларига чипталарнинг олдингига нисбатан икки баравар қимматга сотилаётганини билдирди.
“Фақат "Ҳаво йўллари”га олинган билетларни алмаштириб беришяпти. Бошқа авиакомпанияларга олинган билетларимиз куйишини айтишди. Бунинг устига¸ билетларни икки баравар қиммат сотишяпти. Олдин туда-обратно 350-450 доллар атрофида бўлган бўлса, кеча бир томонга учиш учун 450 доллар нақд олишди. Ёнида ортиқча пули борлар билет олишди. Лекин пули камлар ёки пули умуман йўқлар нима қилади?”, дейди ангренлик йигит.
Бошқа бир ўзбекистонлик ҳам укаси билан келини чиптага пули йўқлиги сабаб уча олмаганини айтди:
"Укам Истанбул шаҳридан оиласи билан қайтаётган эди. Хотини билан 10 яшар қизчасига 270 доллардан чипта олган эди. Кечаги Истанбулдан Ўзбекистонга қўйилган самолётга 500 дан ортиқ ўзбекистон фуқароси тўпланган эди. Фуқароларнинг олган чипталарини бекор қилиб, ўша ернинг ўзида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" чипталарни 450 га чиқариб олди. 270 доллардан чипта сотиб олганларни қабул қилмаяпти, фақат элчихона айтганларни ва нақд пулга 450 долларлик чипта олганларни олиб кетмоқда. Фуқаролар сарсон. Тўполонда келиним ҳушидан кетиб қолди ва натижада улар қайтолмади".
Истанбул аэропортидаги ўзбекистонликлар томонидан Озодликка жўнатилган видеоларда Uzbekistan Airways кассаси олдига тўпланганларнинг чипталар қимматлигига норозилик билдиргани акс этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Телеграмдаги “Istаnbul 2020 charter” гуруҳида берилган маълумотга кўра, тахминан 8000 нафар ўзбекистонлик ватанга қайта олмаяпти.
Уйига қайта олмаётган самарқандлик йигит Озодлик билан суҳбатда элчихона ходимлари фаолиятидан қониқмаётганини айтди:
“Элчихона умуман ёрдам бермаяпти. Элчихонага телефон қилсангиз, ҳеч ким жавоб ҳам бермайди. Бугун ҳам бир қанча одам элчихона олдига бордик. Ҳеч ким дардимизни эшитишни истамаяпти. Кечаги чартер рейсга билет олмоқчи эдик. Лекин билетлар регистрация бошланганидан кейин сотила бошланди. Яна фақат аэропорт ичкарисидаги кассада сотилди. Бизни эса полиция аэропорт ичкарисига киргизмади. Кеча бориб, қайтиб келдик. Нима қилайлик, ким бизга ёрдам беради?”, дейди самарқандлик йигит.
Аэропорт ичкарисидан, кўчага “ҳайдалган”лар томонидан Озодликка йўлланган видеода аэропорт олдида ўнлаб одамнинг ўтиргани акс этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Видеода айтилишича, бу одамларнинг барчаси уйига қайта олмаётган ўзбекистонликлардир.
“Бизни аэропортдан ҳайдаб чиқаришди. Кеча чартер рейсда кетганлар кетди, қолганлар мана кўчада ўтирибмиз. Яна қанча ўтирамиз? Ўзи уйга қайта оламизми? Элчихона бизга умуман ёрдам бермаяпти”, дейди видеодагилардан бири.
Истанбулдаги ўзбеклар томонидан очилган “Istаnbul 2020 charter” ва “Istаnbul charter” гуруҳлари аъзолари ҳам уйига қайта олмаётганларнинг элчихонага боргани, бироқ ҳеч ким уларга ёрдам қўлини чўзмаганини ëзмоқда.
Озодлик мухбири 23 март куни Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси билан телефон орқали боғланди.
Гўшакни кўтарган элчихона ходимаси Истанбул аэропортидаги ўзбеклар билан боғлиқ вазият ва умуман ўзбекистонликларнинг ватанга қайтиши билан боғлиқ саволларга жавоб олиш учун Истанбулдаги Ўзбекистон консуллиги билан боғланиш лозимлигини билдирди.
“Билетларнинг қиммат сотилгани масаласи “Ўзбекистон ҳаво йўлари"га тегишли. Улар билан боғланинг”, деди ўзини таништирмаган элчихона ходимаси.
Озодлик Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллигига 23 март кун давомида бир неча бор телефон қилиб боғлана олмади.
Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси қошида ташкил қилинган оператив штабнинг тармоқлар орқали эълон қилинган ўнта телефон рақамининг бирортасига ҳам 23 март куни қўнғироқ қилиб¸ боғланиб бўлмади.
Uzbekistan Airways ширкатининг Озодлик боғланган ходимаси чипталар нархи қимматлаганини тасдиқлади, бироқ бунинг сабабини шарҳлаш ваколатига кирмаслигини важ қилиб, бошқа саволларга жавоб бермади.
Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Жаҳонгир Хидайходжаев маҳаллий матбуотга берган интервьюсида Истанбул аэропортидаги ватандошлар вазияти назоратга олинганини таъкидлади.
“Туркия Республикасидаги дипломатик ваколатхоналаримизга фуқароларимизни икки марта овқат билан таъминлаш, улар дуч келган бошқа санитар ва маиший масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш вазифалари қўйилди”.
Туркиядан ташқари Россия, Миср, Ҳиндистон, Малайзия, Кореядан 7 та чартер рейси орқали жами 1750 дан ортиқ ўзбекистонлик ватанига қайтарилди ва 14 кунлик карантинга олинди.
Хорижда қолган ўзбекистонликларни олиб келиш учун яна 19 та чартер рейсини амалга ошириш режаланган.
Хусусан¸ “Тошкент-Истанбул-Тошкент” йўналишида мунтазам чартер рейсларини ташкиллаштириш кутилмоқда.
Сўнгги хабарга кўра, чартер рейсларини ташкиллаштириш 3 кунга кечиктирилади:
“Ҳозирги эпидемиологик вазият шароитида, хусусан, Uzbekistan Airways авиакомпанияси экипажи ноқулай эпидемиологик ҳолатдаги мамлакатлардан қайтганидан сўнг карантинда бўлиши сабабли, рейсларни ташкил қилиш 3 кунга қолдирилди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган расмий хабарда.