Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман эълон қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда, 2024 йил 1 март ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 261 минг 85 кишини ташкил қилди. Улардан 1637 киши касалликдан вафот этди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 99,1 фоизни ташкил қилмоқда. Вирус геномини ўрганиш бўйича ўтказилган сўнгги таҳлилларнинг 100 фоизида омикрон штамми аниқланган.

Расмий Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалганлик даражаси 1 фоизни ташкил этганини таъкидлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрлари бўйича коронавирусга чалиниш кўрсаткичи 1 фоизгача бўлса, бу вазият барқарорлигини англатади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, шу кунгача жаҳонда 703 миллион 800 минг киши коронавирусга чалинган ва беморлардан 7 миллион нафари вафот этган.