Нидерландиянинг қатор шаҳарларида уч кундан бери коронавирус ортидан жорий этилган чекловларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Роттердамда норозилар полиция автомашиналарига ўт қўйганидан сўнг полициячилар ҳавога қарата огоҳлантирувчи ўқ узди. Шундан сўнг полиция норозиларни сув пуркагичлар билан тарқатди. Намойишда тўрт киши жароҳатланди, улар касалхонага ётқизилди. Жароҳатланганлар орасида полиция ходимлари ҳам бор.
21 ноябрь куни норозилик намойишида иштирок этган ўнлаб одам қўлга олинди. Ўтган ҳафтада Нидерландия ҳукумати коронавирус кучайгани оқибатида уч ҳафталик чекловларни жорий қилган эди. Нидерландияда катта ёшдаги аҳолининг 85 фоизи эмланганига қарамай, коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб бормоқда.
Бельгия пойтахти Брюсселда ҳам 21 ноябрь куни 35 мингга яқин норози намойиш ўтказди. Улар жамоат жойларида эмланганлик тўғрисидаги сертификат талаб қилинаётганидан норози эканликларини билдиришди.
Ўтган дам олиш кунлари бу каби намойишлар Хорватия, Швейцария ва Италияда ҳам бўлиб ўтди.