Коронавирус: Тиббиëт ва СЭС ходимларига Президент ваъдаси - қўшимча тўлов тўланмаяпти

Коронавирус беморларини даволаëтган тиббиëт ходимларига мақтовлар ëғдирилаëтган бир пайтда¸ уларга президент ваъда қилган қўшимча тўлов ва рағбат пуллари ҳозиргача берилган эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 19 март кунги фармони билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашга жалб этилган тиббиëт ва санитария-эпидемиология тизими ходимлари маошига ойлигининг 6 фоизи миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов жорий этилган.

Фармонга кўра¸ коронавирус фронтининг олд чизиғида ишлаëтганларга¸ бу қўшимча тўлов ҳар беш кунда берилиши лозим.

Президентнинг 26 март кунги қарори билан эса коронавирусга чалинганлар билан бевосита ишлаëтган тиббиëт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига ҳар 14 кунлик иши учун қўшимча 5 миллиондан 25 миллион сўмгача рағбат пули тўлаш буюрилган эди.

13 апрель куни Озодликка боғланган тиббиëт ва санитания-эпидемиология тизими ходимлари фармондан бир ойча¸ қарордан эса¸ 18 кун ўтиб ҳам президент ваъда қилган бу тўловдан асар йўқлигини билдирди.

Фармон ва қарорнинг тўловлар қисми ижроси учун масъул Молия вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда ҳозиргача коронавирусга қарши курашаëтган мутахассисларга ваъда қилинган пул берилмаганини эътироф этди.

“27 мартдан бери касалхонадан чиқмадим...”

Озодлик билан суҳбатда вилоятлардан бирининг юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси 27 мартдан бери уйи ва болаларини кўрмасдан¸ коронавирусга чалинган беморларга хизмат кўрсатаëтганини айтди.

Исми очиқланишини истамаган бу аëл¸ президент фармони ва қарори билан ҳар беш кунда ойлигининг 6 фоизини қўшимча тўлов сифатида олиш¸ 14 кунлик навбатчиликдан кейин эса¸ 10 миллион сўм рағбат пули олиши керак бўлган тиббиëт ходимларидан бири.

Лекин 13 апрелга қадар ҳамшира аëл на униси¸ на бунисини олган.

Кунига камида 12 соат ишлаяпмиз. Касалхонанинг бошқа бўлимидан бизга жой қилиб берган. Врач¸ ҳамшира¸ санитарка ҳаммамиз шу ерда ухлаб¸ шу ерда тураяпмиз. Коронавирус касалларга биз қараяпмиз. Устимизга биттада киядиган замокли уст-бош кийиб¸ кириб-чиқиб юрибмиз олдиларига. Касалхонанинг бўлкаси билан макаронини еяпмиз¸ кўчага кириб-чиқиш умуман мумкинмас. Болаларимни кўрмаганимга мана 20 кунча бўп қолди. Энди янги смена келиб¸ бизни бошқа жойга 14 кунлик карантинга қўяркан. Биздан тест олишди¸ ҳозирча касал чиқмади. Президент қўшимча тўлов деганда хурсанд бўлгандик¸ лекин жим-житлик. Сўрасак¸ келса берамизми?! дейишди¸ холос”.

"Ҳаëтини хатарга қўйиб ишлаëтганларга меҳнатига яраша ҳақ тўлансин..."

13 апрель куни Озодликка Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлари номидан¸ деб ëзилган мурожаат келди.

Ўзларининг “ ушбу синовли кунларда хам нолимай давлатимиз фуқароларининг соғлиги учун кечаю кундуз тиним билмай ишлаëтган”ини таъкидлаган муаллифлар¸ аксар аҳоли уйда қолаëтган бир пайтда¸ инспекция ходимлари ўз соғлиқларини хатарга қўйиб¸ карантинда жойлашган фуқароларнинг уйига бориб¸ карантин қоидаларига риоя этилишини шахсан назорат этаëтганини айтади .

Ишчи ходимларнинг ойлик маоши жуда пастлиги, техника билан таъминланмаганлиги сабабли жуда қийинчиликлар юзага келмоқда. Ойлик маош оила тирикчилиги майли, инспекторларнинг кунлик харажатига ҳам етмайдиган ҳолатда. Битта инспекторнинг ойлик маоши 1 350 000 сўмни ташкил қилади¸ холос. Ташкилот ходимларининг давлатимизнинг синовли кунларида тиним билмай ишлашлари учун ойлик маошларимиз шунга яраша бўлишини истардик. Президентимиз коронавирусга қарши курашаëтганларга қўшимча тўлов ваъда қилди¸ лекин биз ҳозиргача унинг бир тийинини кўрганимиз йўқ” ¸ дейилади Озодликка инспекция ходимлари номидан юборилган мурожаатда.

Молия вазирининг “ЖУДА МУҲИМ” буйруғи ижро этилмади

Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов 5 апрель куни имзолаган “ЖУДА МУҲИМ” деб таснифланган хатида коронавирусга қарши курашаëтганларга президент ҳар беш кунда тўлашни буюрган 6 фоизлик қўшимча тўловларнинг кечикаëтгани ва бунинг “ҳақли эътирозларга сабаб бўлаëтгани” ни эътироф этган.

Молия вазирининг "ЖУДА МУҲИМ" деб таснифланган хатининг 1-саҳифаси

Озодликка нусхаси тақдим этилган бу хатида Ишметов¸ Молия вазирлиги тизимининг вилоятлардаги раҳбарларидан бу тўловларнинг “зудлик билан тўланишини қатъий таъминлашни” талаб қилган.

Молия вазирининг "ЖУДА МУҲИМ" деб таснифланган хатининг 2-саҳифаси

Лекин бу топшириқ берилганидан бир ҳафтадан кўп вақт ўтганига қарамай¸ коронавирусга қарши курашаëтган тиббиëт ва санитария-эпидемиология ходимларига қўшимча тўловлар ажратилмаган.

Молия вазирлигининг вилоятлардан биридаги мутасаддиси шахси очиқланмаслигини сўраб¸ Озодликка бунинг сабабини қўйидагича изоҳлади.

Молия вазирлиги маблағ ажратган¸ пул бор. Фақат орада тушунмовчилик бўп турипти. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қўшимча тўловларнинг тўланиш тартибига оид Низом тасдиқланиши керак. Ана шу тартиб тасдиқланмай турипти. Тўлаш тартиби йўқ. Молия вазирлиги ўзидан ўзи мана санга пул¸ деб тарқата олмайди. Президент қарорида коронавирус тарқалишига қарши тадбирга жалб қилинганлар¸ дейилган. Кимга тўлаш керак¸ кимга тўламаслик керак? Иш штатида ўтирган ходимлар ҳам ишлаяпти¸ иш штатида йўқлар ҳам¸ биз буйруқ билан бириктирилганмиз¸ деяпти. Кўчада масалан¸ дезинфекторлар юрипти. Улар буйруқ билан бириктирилган. Буларнинг қайсига тўлаб¸ қайсига тўланмайди¸ бунинг жавобгарлиги бор ахир! Шунинг учун Низом чиқсин¸ 2-3 кун ичида тўлаб берамиз”.

Молия вазирлиги тўлиқ карантинда

“Молия вазирлиги ходимлари орасидан коронавирусга чалинганлар чиққанидан сўнг¸ вазирлик таг-туги билан карантинга олинди ва бу ҳам тўловларнинг кечикишига сабаб бўлмоқда”¸ деди 13 апрель куни Озодлик гаплашган вазирлик мулозими.

Ходимларнинг ичкарида қолгани ичкарида қолди¸ ташқарида қолгани уйида уй карантинида ўтирипти. Эшигининг тагида милиция ўтириб¸ кўчага чиқишгаям қўймаяпти. Шунинг ҳисобигаям тўловларни йўлга қўйиш тўхтаб қолди”.

Молия вазирлиги расмийси¸ Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Низоми йўқлиги¸ қолаверса¸ Молия вазирлиги ходимларининг тўлиғича карантинга олингани президент коронавирусга чалинганларни даволаëтган врач ва ҳамшираларга ваъда қилган рағбат пулини беришни ҳам тўхтатиб турганини айтади.

Врачларга 25 миллион¸ ҳамшираларга 15 миллион¸ деган пуллар ҳам ҳали ҳеч кимга берилгани йўқ. Молия вазирлиги заявкага қараб¸ бир ойлик маблағ ажратган 10 триллионлик жамғармадан. Лекин врач ва ҳамширалар ҳалигача бу пулни олгани йўқ”.

Президент коронавирусга қарши курашаëтганларга қўшимча тўловлар ваъда қилди

Президент Шавкат Мирзиëев жорий йил 19 март куни имзолаган "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган 5969-сонли фармон 20 март куни кучга кирди.

Унга кўра¸ Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Ана шу фармон асосида¸ коронавирус тарқалишига қарши кураш тадбирларига бевосита жалб этилган тиббиëт ва санитария-эпидемиологик ва бошқа хизмат ходимларига айни шу давр учун маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов жорий этилган.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратиладиган бу қўшимча тўловларнинг ҳар беш кунда тўланиши белгиланган.

Бундан ташқари¸ 26 март куни Мирзиëев “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” махсус қарор қабул қилди.

Бу қарорда “коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври солиқ солинмайдиган махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови” белгиланди.

Унга кўра¸ врачларга – 25 миллион сўм; ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм; кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга – 5 миллион сўм тўлаш топширилди.

Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси раиси Бош вазир Абдулла Ариповга “бир ҳафта муддатда махсус тўловларни олувчи мазкур бандда назарда тутилган тадбирларга жалб қилинган бошқа ходимларнинг қўшимча рўйхатини тасдиқлаш” буюрилди.

Мазкур мақолани ҳозирлаш давомида аниқланишича¸ Вазирлар Маҳкамаси президент фармон ва қарорини ижро этишга асос бўлувчи Низом ва рўйхатни ҳалигача тасдиқламаган.