Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 95 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 10 май ҳолатига кўра, 95 минг 72 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг Навоий вилоятидан бошқа барча ҳудудларида жами 313 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 372 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 90 минг 664 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 3 минг 744 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна икки нафари вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 664 нафарга етганини билдирган.

Бу орада вазирлик 10 май куни мамлакат ҳудудлари бўйлаб COVID-19 га қарши жами 50 минг 581 доза вакцина қўлланилгани, булардан 1-босқич эмланганлар сони 17020 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони эса 33561 нафарни ташкил қилганини маълум қилган.

Шу тариқа, ССВ маълумотига мувофиқ, бугунги кунгача Ўзбекистонда жами 1 миллион 173 минг 978 доза вакцинадан фойдаланилган бўлиб, 1-босқичда эмланганлар сони 1миллион 57 минг 94 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони эса 116 минг 884 нафарни ташкил қилмоқда.