Москва марказидаги Пушкин майдонида полиция коронавирусга қарши мажбурий эмловга қарши митинг ўтказмоқчи бўлган олти кишини қўлга олди. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” маълумот тарқатди.
Улар мажбурий эмловга қарши жамоавий хат имзолашни режалаштирганлар. “Тверской” ички ишлар бўлими полициячилари уларга нисбатан “Карантин чекловларини бузиш” моддаси бўйича маъмурий баённома тузиб, бир ойдан сўнг бўлимга келиш шарти билан қўйиб юборишган.
Қўлга олинганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун борган адвокат Тельновни дастлаб бўлимга киритишмаган. “Навбатчи полициячи Тельновни туртиб, бинодан чиқариб юборишга ва қўлидаги телефонини тортиб олишга уринган”, дейилган “ОВД-Инфо” хабарида. Бир оздан сўнг адвокат ичкарига киритилган.
Пандемия бошланганидан бери Москвада норозилик акцияларини ўтказиш тақиқланган, аммо маданий-кўнгилочар, жумладан ҳукуматни дастаклашга қаратилган оммавий тадбирлар бўлиб турибди.
Коронавирус инфекциясининг янги тури билан касалланиш ва ушбу касалликдан ўлиш рекорд даражага чиқиши манзарасида Россиянинг 25 дан зиёд минтақасида аҳолининг бир қисми учун мажбурий эмлов жорий қилинган. Аммо тиббиёт аралашуви, жумладан вакцинация Россия қонунчилигига кўра ихтиёрий ҳисобланади. Юристлар одамлардан мажбурий эмланишни талаб қилиш қонунга хилофлигини таъкидлашмоқда.
Владимир Путин аҳолини мажбурий эмлашга қаршилигини билдирган. Айни пайтда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль эмланмаганлар ижтимоий камситиладиган кунлар “келиши муқаррар” деб ҳисоблашини маълум қилган.
26 июнь куни Москва марказида Россия Коммунистик партиясидан Давлат думасига сайланган депутат Валерий Рашкин билан учрашув шаклида ташкил қилинган мажбурий эмлашга қарши акция иштирокчилари қўлга олинган эди.