Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳон куни тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва тест синовларига киритилмаган абитуриентлар учун қайта синов ташкил этилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг “COVID-19 пандемиясига қарши курашиш тадбирларини инобатга олиб 2021-2022-ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш учун тест синовларини ўтказишда санитария-эпидемиология талабларини белгилаш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарорида билдирилган.
Қарорда қайд этилишича, ДМТга коронавирус касаллиги тасдиқланиб, даволанаётган абитуриентлар ёки уларнинг вакиллари томонидан республика бўйича тест синовлари тўлиқ якунлангунга (16 августга) қадар онлайн ариза ва тегишли ҳужжатлар билан мурожаат қилганлар тўғрисидаги маълумотлар тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг 3 кун ичида СEО ва ЖСга текшириш учун тақдим этилади.
Бунда абитуриентлар ёки уларнинг вакиллари аризани, тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, covid@dtm.uz электрон почта манзилига юборишлари мумкинлиги айтилган.
Мазкур тоифадаги абитуриентлар учун тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг икки ҳафта ичида қайта тест синовлари ташкил этилади.
Қўшма қарорга мувофиқ, қайта ташкил этилган тест синовларида тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва тест синовларига қадар тўлиқ соғаймаган абитуриентлар учун бошқа тест синовлари ташкил этилмайди.
Ўзбекистонда 2021-2022 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш учун тест синовлари 5 августдан бошлангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.