Коронавирусга чалингани ортидан вафот этганлар сони 730 нафардан ошди

Ўзбекистонда ўтган кеча-кундузда коронавирус юқтириб олган беморлардан яна икки нафари вафот этди. Бу билан мамлакатда COVID-19 қурбонлари сони 731 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йил сентябридан буён коронавирус важидан вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмай келмоқда.

ССВ қайдича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар, 27 июнь ҳолатига кўра, 109 минг 692 нафарга етган.

Якшанба куни мамлакат бўйлаб барча ҳудудларда 469 нафар киши коронавирусга чалинган. Айни пайтда ўтган кеча-кундузда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 774 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 105 минг 780 нафарни ташкил этган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 181 нафарни ташкил этмоқда.