Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони жорий йилнинг 17 апрелига келиб 403 минг 136 нафарга етган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, эмланиш кўрсаткичи бўйича Фарғона водийси вилоятлари пешқадамлик қиляпти (Фарғона вилояти – 58 минг 529 нафар, Андижон вилояти – 44 минг 309 нафар, Наманган вилояти – 40 минг664 нафар), улардан кейин Самарқанд вилояти (36 минг 178 нафар) бормоқда.
Бу орада мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 17 апрель ҳолатига кўра, 86 минг 680 нафарни ташкил этган.
ССВ ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 342 киши коронавирус юқтириб олгани ҳақида маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, шанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 205 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 84 минг 43 нафарга етган.
Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар 1999 нафарни ташкил этяпти, улардан 238 нафарининг аҳволи оғир, 109 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.
Вазирлик кеча коронавирусга чалинган беморлардан икки нафари вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 638 нафарга етганини расман билдирган.