Коронавирусга чалинганлар сони кўпаяётганига қарамасдан Хитойда карантин тадбирлари бекор қилинди

Хитой расмийлари 2023 йилнинг 8 январидан мамлакатга кириб келаётганлар учун мажбурий карантин бекор қилинишини эълон қилишди.

Айни пайтда Хитойда сўнгги ҳафталарда коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати кескин кўпайган. ОАВ хабарларига кўра, мамлакатдаги касалхоналар беморлар билан тўлиб-тошган, хасталик туфайли ўлимлар сони ҳам ошиб бормоқда.

Касаллик тарқалиши кучайгани манзарасида Хитой расмийлари 26 декабрдан эътиборан коронавирусга чалиниш бўйича кундалик статистик маълумотлар эълон қилинмаслигини билдиришган.

Хитойда коронавирусга чалиниш ҳолати мамлакатда карантин чораларини юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кўп ўтмай – декабрь ойи бошидан кескин кўпайиб кетган. Мазкур қарорнинг қабул қилинишига “кескин локдаун чоралари” туфайли аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайиб кетгани сабаб бўлган.

Норозилик чиқишлари ортидан ҳукумат умумий овқатланиш жойлари, дўконлар, кинотеатрлар ва жамоат жойлари очилган. Карантин чоралари юмшатилганидан кейин COVID-19 га чалиниш ҳолати бирданига кўпайиб кетган – биргина 20 декабрь куни мамлакат бўйлаб 97 миллион киши вирус юқтириб олгани аниқланган.

Эпидемиологлар фикрича, беморларни ҳар томонлама изоляция қилиш сиёсати туфайли Хитой аҳолисининг кўпчилигида коронавирусга қарши иммунитет пайдо бўлган эмас. Аҳолини ёппасига эмлаш тадбирлари орқали оммавий иммунитет ҳосил қилиш уринишлари ҳам яхши натижа берган эмас: мамлакатда эмланганлар сони етарли эмас, бунинг устига Хитой хорижда ишлаб чиқилган вакциналардан фойдаланилишига йўл қўймаган, хитойлик биотехнологлар томонидан ишлаб чиқилган вакциналар эса етарли даражада самарадорлик кўрсатолган эмас.

Ҳозирда хитойлик медиклар аҳолини, энг аввало қарияларни зудлик билан эмлаш кампаниясини бошлашган. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, жойларнинг ўзида одамларга эмлов таклиф қилишяпти. Бироқ хитойлик қарияларнинг кўпи вакциналарнинг ножўя таъсиридан чўчиб, эмланишдан бош тортишмоқда.

Экспертлар фикрича, 2023 йил охирига бориб Хитойда Covid-19 туфайли икки миллионгача бемор қурбон бўлиши мумкин.