Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистонда COVID-19 га қарши илк вакцина рўйхатга олинган. Бу ҳақда ССВ қошидаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
“Бугун ZF-UZ-VAC 2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди. Рўйхат рақами - DV/X 08646/03/21”, дейилган агентлик хабарномасида.
Мазкур вакцина Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd ширкати томонидан ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, Хитой томони коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва cаъй-ҳаракатларини инобатга олиб, ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилаган.
“Тадқиқот ишларида 6 ой иштирок этганимиз учун Хитой томони Ўзбекистонни “ҳаммуаллиф” деб тан олди. Айни кунларда бу вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Хитой томони талабларига жавоб берадиган лабораториялар, фармацевтика компаниялари бўлиши керак. Ҳали фалон жойда ишлаб чиқарилади, деган хулоса берилгани йўқ”, деганди ўтган ҳафта Озодликка Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Азим.
Мулозима вакцина нархи ҳақида ҳозирча маълумот берилмаслигини ҳам қўшимча қилган.