Коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 4,5 миллион нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқаролар сони, жорий йилнинг 30 сентябрь ҳолатига кўра, 4 миллион 539 минг 621 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан шу кунгача мамлакатда 20 миллион 781 минг 994 доза вакцинадан фойдаланилганини билдирган.

ССВ қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 513 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 174 минг 408 нафарга етган.

Пайшанба куни барча ҳудудларда 496 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 169 минг 371 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 242 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, сентябрь ойининг сўнгги кунида 69 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 217 киши пневмонияга чалинган. Булардан 25 минг 458 нафари соғайиб чиққан, 232 нафари эса вафот этган.