Transparency International халқаро ташкилотининг жаҳон давлатларидаги коррупция даражаси бўйича галдаги ҳисоботида Ўзбекистон 180 давлат орасида 126-ўринни эгаллади. Ўтган йили Ўзбекистон мазкур рейтингнинг 140-поғонасида эди.
Рейтингда коррупция даражаси 0 баллдан 100 баллгача бўлган миқдорда ўлчанади. Балл қанча юқори бўлса, мамлакатда коррупция даражаси шунча озлигини англатади. Ўзбекистон бу йилги рейтингда 31 балл олган, бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан 5 баллга юқоридир.
Transparency International ҳисоботида сўнгги йилларда Ўзбекистон коррупциянинг олдини олишни ўзининг устувор мақсадларидан бирига айлантиргани, шу муносабат билан коррупцияга қарши муассаса тузилиб, шаффофликни ошириш учун давлат харидлари бўйича онлайн платформа ишга туширилгани урғуланган.
“Бу каби муҳим чора-тадбирларга қарамай, Ўзбекистон авторитар давлатлигича қолмоқда, у ерда фаоллар ва фуқаролик жамияти вакиллари таъқиб қилинмоқда, сўроққа тутилмоқда ва ишдан бўшатилмоқда. Мамлакатда фуқаролик жамияти учун майдон кенгаймагунича коррупция билан боғлиқ муаммоларни тўлалигича ҳал этиш имконсиз”, дейилган халқаро ташкилот ҳисоботида.
Мазкур рейтингда Марказий Осиё минтақалари орасида Қозоғистон 101-ўринни, Қирғизистон 140-ўринни, Тожикистон 150-ўринни, Туркманистон 167-ўринни эгаллаган.
Рейтингда 90 балл берилган Дания 1-ўринга, 87 балл берилган Финландия ва Янги Зеландия 2-ўринга қўйилган.
Жаҳоннинг энг коррупциялашган мамлакатлари қаторида эса 13 балл олган Жанубий Судан ва Сурия ҳамда 12 балл олган Сомали кабилар саналган.