Ўзбекистонда 2023 йилда давлат органлари деярли 1,5 триллион сўм ўғирлаган (ВИДЕО)

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Мирзиёевлар Амирлиги": Тармоқни титратган Озодлик суриштируви

Ўтган йили Ўзбекистондаги давлат идоралари бюджетдан 1,2 триллион сўмлик ноқонуний харажатни амалга оширган ва 200 миллиард сўмлик камомад ҳамда ўғриликларга йўл қўйган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 январда ўтган йиғилишда маълум қилди.

Президентнинг айтишича, Жиззах политехника институтида ҳақиқатда ишламаган 110 нафар фуқарога, қарийб 10 миллиард сўм иш ҳақи ҳисобланган ва ноқонуний ўзлаштирилган.

Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидаги “Ягона буюртмачи хизмати” компаниялари 18 та объектда амалда бажарилмаган 50 миллиард сўмлик ишларни ҳисоботларга қўшиб ёзган.

Сергели ободонлаштириш бошқармасида аслида ишламаган ходимларга 4,3 миллиард сўм тўланган.

Қўшработ таълим бўлими бухгалтери томонидан 3 миллиард сўм нақд пул ва 1,5 миллиард сўм маблағ пластик карта орқали ноқонуний ўзлаштирилган.

"Ўзгидромет" раҳбарияти бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан асоссиз 1,3 миллиард сўм ссуда олган, шунингдек, ўзларига бир неча карра кўп мукофотлар ёзиб келган.

“Давлат ташкилотлари раҳбарлари ўзларига асоссиз равишда мукофотлар ва бошқа моддий рағбатлантириш пулларини ёзиб келаётгани билан боғлиқ ҳолатлар текширилади ва маблағларнинг бюджетга қайтарилиши таъминланади”, -деб айтган президент.

Ўзбекистон президенти ва ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши кураш кескинлашгани ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан самарали чоралар кўрилаётгани тўғрисида бонг уриб келади. Бироқ Озодлик радиоси қатор ҳамкорлари билан ўтказган журналистик суриштирувларда Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи коррупцияга алоқадор бўлиши эҳтимоли тўғрисидаги маълумотлар юзага чиққан.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Пул сўраб турган қўл". "Tashkent city"да коррупцияга қарши монумент очилди

Жумладан, Озодлик радиосининг Мирзиёевнинг Шоввозсойдаги қасри, “Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон”, “Мирзиёевларнинг соядаги инвестори” каби қатор суриштирувларига Тошкент расман муносабат билдирмаган.