АҚШ Флоридадаги Канаверал космодромидан коинотга махфий ишлаб чиқарилган Х-37В космопланини олиб чиқди. “Америка овози”нинг хабар беришича, бу еттинчи синов парвозидир. Бу сафар илк бор учоқ Илон Маскнинг SpaceX ширкати ишлаб чиққан Falcon Heavy оғир ракетаси томонидан коинотга олиб чиқилди. Маскнинг ракетаси Х-37Вни олдинги парвозлардан фарқли ўлароқ юқорироқ орбитага етказади.
Аввалги бешта парвозда Boeing ва Lockheed Martin ширкатлари ҳамкорликда ишлаб чиққан Atlas V ракетаси қўлланилган. Олтинчи парвоз эса 2020 йил майида SpaceX ширкатининг Falcon 9 ракетаси воситасида амалга оширилган.
Бундан аввалги парвозларда Х-37В икки минг километр масофадаги ер олди орбитасига чиқарилганди.
29 декабрга ўтар кечаси амалга оширилган парвоз бундан аввал уч марта қолдирилган эди. Бунга техник муаммолар ва об-ҳавонинг ёмонлашгани сабаб бўлган.
Х-37В Хитой икки ҳафта олдин “Шеньлун” ("Илоҳий аждар”) орбита учоғини учирганидан сўнг амалга оширилмоқда. Хитой бу учоқни 2020 йилдан бери учинчи марта коинотга чиқарди.
Пентагон Х-37В борасидаги маълумотларни сир сақламоқда. Парвозларни АҚШ Коинот Қуролли кучлари миллий хавфсизлик мақсадида амалга ошираётгани маълум қилинган.
Айни пайтда X-37B космопланининг иккита нусхаси ишлаб чиқарилган. Космоплан биринчи марта 2010 йилда учирилган ва орбитада 244 кун парвоз қилганди. Орбитадаги парвоздан сўнг космоплан оддий самолёт каби ерга қўнади.
Х-37В бу сафар коинотда қанчага қолиши сир сақланмоқда. Таҳминларга кўра, у 2026 йилнинг июнигача коинотда қолади.
Космоплан олтинчи марта учирилганида орбитада икки йил “сайр қилган” ва 2022 йилда ерга қайтарилган.
Учувчисиз бошқариладиган X-37B космопланини ишлаб чиқариш лойиҳаси Пентагон ташаббуси билан Boeing томонидан 2000 йилларнинг бошида бошланган. Ўртача автобус катталигидаги космоплан коинот шаттли шаклига эга. Унинг оғирлиги беш тонна атрофида.