КҚТТ Навальнийга нисбатан кимёвий қурол қўллангани учун Россияни яна бир марта қоралади

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти логоси

“Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига (КҚТТ) аъзо давлатлар Россия Федерациясида 2020 йил 20 август куни Алексей Навальнийга қарши кимёвий заҳарловчи модда қўлланилганини ўта кескин қоралайди. Биз ушбу воқеадан жиддий хавотирдамиз”.

КҚТТ давлатларининг 29 ноябрь куни бўлиб ўтган конференциясида қабул қилинмиш “Алексей Навальний бўйича қўшма баёнот” шундай сўзлар билан бошланади. Ҳужжатга 55 давлат имзо чеккан.

Баёнотда Навальний инсон нерв тизимини зарарловчи “Новичок” моддаси билан заҳарланганини кўрсатган мустақил тадқиқот натижаларига “тўла ишонч” билдирилган. Муаллифлар “Новичок” моддаси 2018 йилда Буюк Британияда ота-бола Скрипалларга қарши қўлланганини ҳам қайд этганлар.

Асабни фалажловчи модда билан ҳар қандай заҳарлаш кимёвий қуролни қўллаш ўлароқ талқин қилинади. Бу халқаро стандарт ва меъёрларга зиддир, дейилган баёнотда.

КҚТТ аъзолари ҳудудида сиёсий мухолифатчи хуружга учраган Россия Федерациясини яна бир карра мазкур ҳужум ҳолатларини ҳар томонлама ўрганиш ва аниқлашда кўмаклашишга чақирган.

2021 йил 5 октябрида КҚТТга аъзо 45 давлат Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ саволларини Россия раҳбариятига йўллаган эди. РФнинг 7 октябрдаги жавоб мактубида мазкур саволларга жавоб берилмаган, дея таъкидланган баёнотда.

Россиянинг КҚТТдаги доимий вакили Александр Шульгин ташкилотнинг 39 ноябрь куни ўтказилган конференциясида “бу ишда фитна, сиёсийлаштириш белгилари бор”лигини айтган. Унга кўра, Россия “мазкур чигал воқеаларда ҳақиқатни юзага чиқариш учун барча ишни қилади”.