Россиянинг Красноярск ўлкаси расмийлари хорижликларга таксида ишлашни, шунингдек, махсус дўконларда тамаки ва алкоголли маҳсулотларни сотишни тақиқлаб қўйишди.
Мазкур қонун, иш берувчилар “ҳозирлик” кўриб олишлари учун, 2025 йилнинг 1 мартидан кучга киради. Бу ҳақда Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
Расмийларни бундай қарорга келишга қандай сабаб ундаганини очиқламаган мулозим бу каби чекловлар бошқа соҳаларда ҳам пайдо бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Аввалроқ “Агентство” нашри Россия вилоятларининг учдан бирида ҳамда Россия томонидан аннексия қилинган Қримда мигрантлар фаолияти учун тақиқ қўйилганини ўрганган эди.
Россия вилоятларида мигрантларга энг кўп таксида ишлашни тақиқлашади. Бундай тақиқ 27 та минтақада амалда. Мигрантларнинг савдо соҳасида ишлашига чеклов Россиянинг камида 18 та минтақасида киритилган. Айрим ҳудудларда уларга меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш соҳаси, кутубхоналар ва ҳатто молиявий хизматлар соҳасида ҳам ишлаш ман этилган.
Россия расмийлари версиясига кўра Тожикистон фуқаролари уюштирган “Крокус Сити Холл”даги терактдан сўнг РФда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайиб кетган.
Россиянинг айрим минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижлик ишчилар яшаган ва ишлаган жойлар бўйлаб рейдлар уюштира бошлашган. Баъзи пайтларда мигрантларни ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказиш ҳолатлари кузатилган. Бу билан бир вақтда миллатчилар “рейдлар”и ҳам бошланиб, уларда иш берувчилардан мигрантларни ишдан бўшатиш ёки қизлардан бошидаги рўмолини ечиб талаб қилинган.
2024 йил бошидан буён ИИВ ходимлари 65 мингдан зиёд хорижликни Россиядан чиқариб юборишган, шунингдек, 120 минг мигрантнинг мамлакатга киришига тўсқинлик қилишган. Бу орада Россияда кадрлар етишмаслиги манзарасида мигрантлар оқими сўнгги 10 йил ичида энг паст даражага тушган.