2025 йил 1 январидан эътиборан Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам расман БРИКСда шерик-давлат мақомига эга бўлади. ТАСС хабарига кўра, бу ҳақда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков билдирган.
Амалдаги тартибга мувофиқ, шерик-давлатлар БРИКС доирасидаги алоҳида мажлисларга ва ташқи ишлар вазирлари учрашувларига таклиф этилади.
“Биз шерик-давлатларни хавфсизлик масалаларини мувофиқлаштирувчи юқори мартабали вакиллар мажлислари, парламентлар форуми ва бошқа тадбирларга ҳам жалб этиш тўғри бўлади деб ҳисоблаймиз”, деган Кремль вакили.
Жорий йил 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида Ўзбекистонга мазкур тузилмада шерик-давлат мақоми берилган эди.
Ҳозирча расмий Тошкент мамлакат келгуси йилдан БРИКСда расман шерик-давлат мақомига эга бўлиши хусусидаги Кремль баёнотига муносабат билдирганича йўқ. Бу хабар дастлаб Россия мулозимлари тилида янграгани маҳаллий фаолларда эътироз туғдирган.
Озодлик аввалроқ Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоевга иқтибосан “Ўзбекистоннинг БРИКСга аъзолиги мамлакат сиёсий кун тартибига қўйилмагани” ҳақида хабар қилган эди.
2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой БРИК номли ташкилотга бирлашди. 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси қўшилиши билан ташкилот БРИКСга айланди.
Ушбу тузилма дунёнинг ривожланаётган мамлакатларини бирлаштириш орқали Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг сиёсий, иқтисодий қудратига қарши муқобил куч яратишни мақсад қилган.
Кенгайган БРИКС 3,5 миллиардга яқин нуфусга эга. Бу дунё аҳолисининг 45 фоизи демакдир. БРИКС давлатларининг умумий иқтисодиёти 28,5 триллион доллардан ортиқ бўлиб, бу жаҳон иқтисодиётининг қарийб 28 фоизига тенг.