Кремль вакиллари АҚШдаги сайлов натижалари бўйича Владимир Путин билан Дональд Трамп ўртасида ҳеч қанақа телефон мулоқоти ўтказилмаганини билдиришди. The Washington Post газетасининг Путин ва Трамп 7 ноябрь куни қўнғироқлашиб, Украинадаги уруш мавзусини муҳокама қилганига оид хабари “ғирт уйдирма”, дея билдирди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 11 ноябрь кунги брифингда.
“Ҳеч қанақа суҳбат бўлгани йўқ. Бу ҳозирда ҳатто анча ҳурматли нашрларда ҳам айрим пайтларда чоп этилаётган хабарлар сифатига яққол далилдир. Бу ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Бу ғирт уйдирма, бу шунчаки ёлғон ахборот”, деди Песков.
Журналистларнинг “Россия президенти АҚШнинг сайланган президенти билан бирор-бир мулоқотни режалаяптими?” деган саволига Песков: “ҳозирча аниқ бир режа йўқ”, дея жавоб берган.
Аввалроқ The Washington Post нашри АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган, улар Украинадаги уруш мавзусини муҳокама қилишгани ҳақида хабар қилган эди.
Газета мақоласида Трамп Путинни бундан буёнги эскалацияга йўл қўймаслик чораларини кўришга чақиргани ҳамда унга “Вашингтон Европада сезиларли даражада ҳарбий ҳозирликка эга” эканини эслатгани айтилган.
Сайловолди кампанияси чоғида Трамп, президентлик лавозимига сайланган тақдирда, Украинадаги урушни бир кун ичида якунлашга имкон берадиган йўлни топишини бир неча марта таъкидлаган эди. Айни пайтда республикачилар номзоди бўлган сиёсатчи қанақа конкрет қадамлар қўймоқчи эканига аниқлик киритган эмасди.
Владимир Путин 7 ноябрь куни Валдай форумидаги матбуот анжуманида Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига сайлангани билан ошкора табриклаган эди. У Трампни жасоратли одам деб атаган.
Ўшанда Путин “Агар Трамп сизга инаугурациягача қўнғироқ қиладиган бўлса, АҚШнинг сайланган президенти билан гаплашишга тайёрмисиз?” деган саволга “ҳа” дея жавоб берган ва ҳатто Трампга ўзи қўнғироқ қилишга ҳам тайёр эканини билдирган эди.