Ўзбекистонда Россия президенти томонидан амалга оширилажак давлат ташрифига ҳозирлик кўрилмоқда. Мазкур ҳозирликнинг бориши, Кремль матбуот хизматига кўра, Россия президенти Владимир Путин билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида 21 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилинган. Кремль хабарномасида Путиннинг Ўзбекистонга сафари қайси санага белгиланганига аниқлик киритилган эмас.
“Шу контекстда савдо-иқтисодий соҳаси дохил икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг қатор амалий масалалари тилга олинди”, дейилган хабарномада.
Сешанба куни Мирзиёев билан Путин телефон орқали мулоқот қилганини Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган. Бироқ мазкур хабарномада икки президент орасида Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи муҳокама қилингани мутлақо эслатилган эмас.
Унда Мирзиёев ва Путин Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқишгани, олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилган келишувлар ижросининг бориши ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилишгани қайд этилган, холос.
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Ўшандан бери Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилган эмас ва бундай мамлакатлар орасида Россия учун “дўст” ўлкалар ҳам бор.
Ўзбекистон Рим статутини ратификация қилган эмас. Бу Ҳаага суди ордер чиқарганидан буён Путиннинг Ўзбекистонга илк сафари бўлади. Россия президенти Ўзбекистонга сўнгги бор 2022 йил сентябрида — ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун келган эди.