Ўзбекистон аҳолисига биржаларда криптовалюта сотиб олишга рухсат берилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 22 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон резидентларига биржаларда криптовалюта сотиб олишга рухсат берди.

Агентлик 2019 йил январь ойида қабул қилинган криптобиржаларни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритди.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ Ўзбекистон резидентлари криптовалютани биржаларда миллий валюта – сўмда сотиб олиш ва сотиш ҳуқуқига эга бўлди. Норезидентлар эса бу операцияни хорижий валютада амалга ошириши мумкин.

Марказий Осиёдаги биринчи криптовалюта биржаси Тошкентда 2020 йилнинг 20 январида очилган эди. UzNEX криптобиржасининг очилиш маросими Тошкентдаги Корея маданият марказида бўлиб ўтган.

Бироқ ўшанда фақат Ўзбекистон ҳудудидаги чет элликларга криптовалюта сотишга ва сотиб олишга рухсат берилган эди.