Москванинг Басманний тумани суди “Крокус Сити Холл” концерт залидаги террор хуружига оид иш бўйича айбланаётган тўрт кишининг ҳибс муддатини 22 ноябргача узайтириш ҳақида қарор чиқарди. Маълумотларга кўра, суддан бундай қарор чиқаришни терговчилар сўрашган.
Ҳибс муддати узайтирилган тўртовлон – Мухаммадсобир Файзов, Муродали Ражабализода, Шамсиддин Фаридуний ва Далержон Мирзоев, россиялик терговчилар қаноатича, концерт залига ҳужумнинг ижрочиларидир. Бундан ташқари, 16 август куни Файзов, Ражабализода ва Фаридунийга қўшимча айблов – террор ташкилоти фаолиятида иштирок этганлик айблови билдирилган.
Жума куни бўлиб ўтган суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Айбланувчиларнинг тўртови ҳам Тожикистон фуқароларидир. "Интерфакс" агентлиги хабарига кўра, улар судга маҳкумлар кийимида ҳамда қўл-оёқлари кишанланган ҳолда келтирилган.
Иш юзасида жами 12 киши айбланмоқда, улар орасида, тергов тахминига кўра, теракт ижрочиларини яшаш жойи, транспорт, алоқа воситалари билан таъминлаганлар бор. “Крокус”даги терактга оид иш бўйича ҳаммаси бўлиб 20 дан зиёд қўлга олинган, дея қайд этган РБК нашри.
Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл”даги теракт 2024 йил 22 мартида содир бўлган бўлиб, ўшанда бир неча қуролли шахс концерт залига бостириб кириб, одамларни ота бошлаган эди. Шундан сўнг ҳужумчилар бинога ўт қўйиб, кўздан ғойиб бўлишган. Ҳужум чоғида олти нафар бола дохил 145 киши ҳалок бўлган, 550 дан зиёд одам яраланган.
Террор хуружи учун масъулиятни кўплаб давлатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган “Ислом давлати” гуруҳининг Афғонистон бўлими бўлмиш “Вилояти Хуросон” аъзолари ўз зиммаларига олишган.
Россиялик расмийлар концерт залидаги терактга Украина дахлдор бўлиши мумкинлигини иддао қилишган. Киев бу айбловни қатъиян рад этган.