Пластик карточкага сотиш талаби кўмир нархини кўтариб юборди

Андижон вилояти Избоскан тумани солиқчилари тадбиркорларга кўмирни фақат пластик карточкага сотасан деган талабни қўйганидан сўнг, тадбиркорлар иш фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган тадбиркорларнинг айтишича, айни пайтда Избосканда бир килограмм сара кўмирнинг нархи 800 сўмгача чиқиб кетган.

Избоскан туманида истиқомат қиладиган давлат хизматчиларидан бирининг Озодликка хабар беришича, шу кунларда Избоскан туманида кўмир топишнинг имкони бўлмай қолган:

“Бир ҳафтадан буён туманимиздаги кўмир савдоси билан шуғулланадиган барча тадбиркорлар кўмир олиб келмай қўйди. Нега деб сўрасак, солиқчилар арзон сотасан деб қўйишмаяпти экан, шунинг учун улар ишларини йиғиштирди. Станцияда ҳам кўмир йўқ. Ҳозир йўлини қилиб оз-моз олиб келганлар Ангрен кўмирини 700 сўмдан, сарасини 800 сўм сотишяпти. Лекин ўша ҳам яширинча”, деди хизматчилардан бири.

Исми сир қолишини истаган избосканлик хусусий тадбиркорлардан бири Озодлик билан суҳбатда солиқчилар қўяётган талаб уларга тўғри келмагани учун савдони тўхтатгани ҳақида гапирди:

“Ўзи сезон бошланаётган пайтда, солиқчилар чиқиб тадбиркорлардан “кўмирнинг килосини 350 сўмдан ортиқ сотмайман, сотсам ҳам фақат пластикка сотаман” деган тилхатга қўл қўйдириб олишган эди. Ўтган ҳафта келиб, иккинчи марта қўл қўйдириб олишди. Шунинг учун ҳаммамиз дўконларни ёпдик. Чунки бу нархга кўмир сотиш, банкрот бўлиш дегани”, деди тадбиркор.

Унинг айтишича, хусусий тадбиркорлар бозор талабидан келиб чиқиб кўмир сотаётган эди:

“Бизда омборларда кўмир йўқ. Ҳукумат ваъда қилган кўмир ҳаммага етмайди. Шунинг учун ҳам Шаҳрихон, Қўштепадаги хусусий тадбиркорлардан 1-2 тонна олиб келиб, яширинча бир-икки қопдан сотяпмиз. Бу кўмир тўғридан-тўғри Ангрендан олинмагани ва қўлдан қўлга ўтиб келгани учун қиммат. Мисол учун, улар килосини 600-650 сўмдан сотса, биз уни 700 сўмдан сотамиз. Отборнисини 700дан олиб, 800-850дан сотяпмиз”, дейди тадбиркор.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, солиқчилар томонидан қўйилаётган талаблар кўмир нархининг ошиши ва кўмир тақчиллигига сабаб бўляпти:

“Биз илгари Ангрендан нақд пулга олиб келардик. Чунки пул ўтказиш орқали олиш жуда қимматга тушади. Негадир, фақат бизнинг Избоскан солиқчилари шундай талаб қўйишяпти. Бўлмаса, Шаҳрихонда ҳам, Қўштепада ҳам бизга ўхшаган савдогарлар кўмир олиб келиб сотяпти. Ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демайдику. Тадбиркор қанча кўп бўлса, савдо нуқталари қанча кўп бўлса, бу рақобатни келтириб чиқаради ва ўз-ўзидан кўмир нархи пастлайди. Лекин Избоскан тумани ҳокимлиги ва солиқчилари негадир тадбиркорлар ва халқнинг зиёнига ишлашни яхши кўришади”, деди тадбиркор.

Ўзини Избоскан тумани солиқ инспекциясининг бошлиғи вазифасини бажарувчи Шуҳратбек деб таништирган мулозим, Озодлик билан суҳбатда тадбиркорлар иддаоларини асоссиз, деди:

“Кўмирнинг нархи белгиланган тартибда КРУга юклатилган, ўшалар маҳалла комитетлари билан биргаликда сотишяпти. Давлат томонидан бериладиган арзон кўмир бор. Тадбиркорлар эса нақд пулга ҳам сотяпти, пластикка ҳам сотяпти, ҳеч қандай муаммо йўқ бу ерда”, деди Избоскан тумани солиқ инспекциясининг бошлиғи вазифасини бажарувчи Шуҳратбек.

Озодлик бундан аввал¸ айрим туманларда кўмир олиш учун ур-тўполонлар бўлгани, ҳатто милиция ходимлари ҳам навбатни тартибга келтира олмагани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди чиқишида кўмир нархини тушириш юзасидан қатъий чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилган эди:

“Кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда¸” дея таъкидлаган Мирзиëев кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳажми, аҳоли эҳтиëжига етмаганини эътироф қилган эди:

“Мамлакатимиз бўйича кўмир маҳсулоти етказиб бериш режаси 35 фоизга, аҳолини таъминлаш бўйича эса 17 фоизга бажарилган, холос” дея таассуфли рақамлар келтирган номзод кўмир нархини туширишни ваъда қилган эди.

Аммо, Озодлик олган маълумотларга кўра, кўмир нархининг тушишида ҳам, аҳолини кўмир билан таъминлаш борасида ҳам ҳозирча ижобий натижа кузатилгани йўқ.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бир йилда 3 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олади, бу миқдорнинг 85 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланади.