Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар тўғрисида 2022 йилнинг 18 майида матбуотда эълон қилинган муҳим хабарлар қисқа сатрларда.
Марказий банк: Нақд пул миқдори рекорд ўрнатди
Марказий банкнинг билдиришича, 2022 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда нақд пул миқдори апрель ойига нисбатан 5,3 трлн сўмга кўпайган ва 2013 йилдан бери рекорд даражага етган.
Марказий банкнинг иддао қилишича, 1 май ҳолатига кўра, муомаладаги нақд пул 33,1 трлн. сўмга тенг бўлди. Бундан аввалги нақд пул рекорди 2020 йилнинг августида қайд этилган. Ўшанда Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул миқдори 29,5 трлн сўм бўлган.
Ижтимоий норма: Газ ва электр тарифларига ижтимоий норма киритилиши режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда энергоресурслар нархларини субсидиялаш амалиёти сақлаб қолинган ҳолда, ижтимоий истеъмол нормаси жорий этилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари энергетика соҳасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича эълон қилган пресс-релизда таъкидланишича: “Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда, бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади”.
Вазирликлар расмий баёнотида Ўзбекистонда газ ва электр энергияси учун қандай миқдорда ижтимоий норма белгиланиши аниқ айтилмаган.
Озодлик изоҳи: Масалан, ижтимоий норма қабул қилинган Қирғизистонда электр энергияси учун 700 киловатт-соатгача ҳар киловаттга 77 тийин, 700 киловатт-соатдан ошган ҳар бир киловатт-соат учун 2 сом 16 тийин тўлаш шарт.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари баёноти билан мана бу линк орқали тўлиқ таниша оласиз.
Бош прокуратура: Жиззахда молиявий пирамидани тарғиб қилиш орқали фуқароларнинг 692,3 млн. сўмини қўлга киритган шахслар аниқланди
Бош прокуратуранинг билдиришича, Жиззада фуқаролар Ю.М., Ш.И. ва бошқалар 2022 йилнинг март ойида молиявий пирамида орқали аҳолининг 692,3 млн. сўмини ўзлаштиргани аниқланган.
Расмий маълумотдан англашилишича, улар Instagram орқали Gift Of Legacy ўйинини реклама қилишга камида 200 минг сўм ёки 50 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўтказиб берган одамларга қисқа муддатда ушбу маблағни 7–8 баробарга кўпайтириб олишларини ваъда қилган.
Шу мақсадда улар Telegram каналида “200 минг сўмлик ва 50 АҚШ долларлик онлайн гап” номли гуруҳни ташкил этган.
Жиззахдаги “самосуд” ҳақида расмий муносабат
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга расмий муносабати ўзгартишларсиз иқтибос қилинмоқда:
“Ижтимоий тармоқларларда “Жиззахда мактабда ўқийдиган қизлар битта ҳижобли қизни самосуд қилишди” сарлавҳали видеолавҳа тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув ишлари давомида Жиззах шаҳри Боғишамол маҳалласида яшовчи, Жиззах шаҳридаги ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Н. ижтимоий тармоқда Шароф Рашидов тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи М.А. билан мулоқотга киришади.
Ўзаро ёзишмалар чоғида улар ўртасида келишмовчилик юзага келади. Шундан сўнг М.Н. ва М.А. Жиззах шаҳридаги ўқув марказида учрашиб, жанжаллашишган. Ушбу ҳодисанинг тасвирлари ижтимоий тармоқда тарқалиб кетган.
Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати”
Факт: Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида сотилаётган 6,8 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари яроқсиз экани аниқланди
Бу ҳақда 18 май куни АОКАда ўтказилган брифингда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров маълум қилди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳри деҳқон бозорларидаги 30,6 минг тонна гўшт, 103 минг тонна ўсимлик махсулотлари, 163,8 млн дона тухум, 6,6 минг тонна сут ва сут маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси томонидан лаборатория таҳлилларидан ўтказилган.
Аниқланишича, 6,8 тонна гўшт ва гўшт махсулотлари, 43,5 тонна ўсимлик, 89 минг дона тухум, 4,7 тонна сут ва сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлган ва ушбу маҳсулотлар савдодан четлаштирилган ва зарарсизлантириб йўқотилган.
Кун рақами: Ўзбекистондаги музейларда нечта экспонат мавжуд?
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистондаги музейларда жами 2,17 миллионта экспонатлар мавжуд.
Музейлардаги экспонатларнинг турлари бўйича сони:
— рассомчилик – 25,6 мингта
— графика – 56,2 мингта
— ҳайкалтарошлик – 4,4 мингта
— амалий санъат – 76,3 мингта
— нумизматика – 292,6 мингта
— археологик – 387,0 мингта
— суратлар – 265,4 мингта
— ҳужжатлар – 280,5 мингта
— маиший ва этнография буюмлари – 72,5 мингта\
— бошқа экспонатлар – 707,8 мингта