Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси РФнинг Курск, Брянск ва Белгород вилоятларида бўлиб турган ўзбекистонликларга бу вилоятлардаги вазият муносабати билан “зарур эҳтиёт чораларини кўришни, ўта зарурат бўлмаса, кўчага чиқмасликни, шунингдек жамоат жойларига боришни чеклашни” тавсия қилди.
Элчихона матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарномада ушбу ҳудудларда таҳсил олаётган талабаларга имкон қадар “вақтинча масофавий таълим форматига (онлайн) ўтиш” тавсия қилинган.
“Агар консуллик ёрдами ёки маслаҳат керак бўлса, Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонасининг Консуллик бўлимининг Call-марказига мурожаат қилиш мумкин: +7 499 238-36-20; +7-499 230-00-76. Электрон почта манзили: uzkorus@mail.ru”, дейилган дипломатик ваколатхона хабарномасида.
Жорий йилнинг 6 августида Украина қўшинлари Россиянинг Курск вилояти ҳудудига кириб, ичкарилай бошлаган. Расмий Киев Украина Россиянинг чегараолди ҳудудларида “хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ вазифалар”ни ҳал қилаётгани ҳамда “бу ҳудудларни ишғол қилишдан манфаатдор эмас”лигини билдирган.