Курск губернатори: Хавфли туманлардан 133 минг киши чиқиб кетди

Россиянинг Орёл шаҳрига эвакуация қилинган курскликлар, 2024 йил 9 августи

Россиянинг Курск вилояти расмийлари 22 август куни жанговар ҳаракатлар туфайли хавфли туманлардан 133 мингдан зиёд турғун чиқиб кетгани ҳақида маълум қилишди. Вилоят губернатори Алексей Смирновга кўра, яна 19 мингдан зиёд одам ўз уйларида қолмоқда. Бу ерда гап кўчириш ва эвакуация ҳудудига тушган 8 та туман турғунлари ҳақида бормоқда.

Айни пайтда, Смирновнинг билдиришича, расмийлар томонидан ташкил этилган вақтинчалик яшаш лагерларида уйларини ташлаб кетганларнинг кичик бир қисми – 12 мингдан зиёд киши истиқомат қилмоқда. Бошқа минтақаларга эса 3 мингдан кўпроқ турғун олиб чиқиб кетилган. Россия президенти ҳузуридаги мажлисда губернатор Смирнов вақтинчалик яшаш лагерлари ҳақида гапирар экан, уларнинг сони ҳозирда 500 дан ошганини қайд этган.

Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров Путин ҳузуридаги йиғилишда сўз олар экан, "Медуза" нашри қайдича, бошқа рақамларни келтирган. Мантуровга кўра, хавфли туманлардан “115 минг киши кўчирилган”, улар учун Россия Федерациясининг 29 та субъектида вақтинча яшаш ва овқатланиш пунктлари ташкил этилган.

Би-би-си рус хизмати минтақадаги вазиятга оид 22 августдаги шарҳида ўтган кеча-кундузда фронт чизиғида сезиларли ўзгаришлар бўлмаганини ҳақида ёзган. Томонлар ҳудудга резервларни жалб қилиш ва эгалланган позицияларни мустаҳкамлашда давом этишган.

Россия телеграм-каналлари Украина Қуролли кучлари Коренево туман марказига ҳужумларни давом эттираётгани ҳақида ёзмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги 22 август куни россиялик ҳарбийлар Курск томонда Украина армиясининг Комаровка ва Малая Локня аҳоли пунктлари йўналишидаги ҳужумларини қайтарганини билдирган.

Украина армиясининг Курск вилоятига ҳужуми 6 августдан буён давом этмоқда. Киев айни пайтда Россиянинг минг квадрат километрга яқин ҳудуди ва ўнлаб аҳоли пункти Украина Қуролли кучлари назорати остида экани ҳақида баёнот тарқатган.

Украина президенти Владимир Зеленский яқиндаги мурожаатларидан бирида украиналик ҳарбийларнинг мақсадларидан бири Россия ҳудудида “буфер зонаси” ташкил қилиш эканини билдирган.