Россиянинг Курск вилоятида Шимолий Кореядан бўлган 300 дан зиёд ҳарбий ҳалок бўлган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги Жанубий Корея разведкасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Махсус хизмат ҳисоб-китобига кўра, КХДРдан келган гуруҳ ичида қурбон бўлганлар сони 300 нафарга, яраланган сони 2700 нафарга етган. Декабрь ойида Жанубий Корея разведкаси Курск вилоятида КХДРдан бўлган 100 аскар ҳалок бўлгани, мингга яқин киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилган эди.
Муассаса шимолий кореялик икки ҳарбийнинг асир олинганини ҳам тасдиқлаган. Улар ҳақида аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилган эди. Жанубий Корея разведкаси маълумотига кўра, бу икки ҳарбий КХДРнинг Разведка бош бошқармасида хизмат қилган.
Куни кеча Украина президенти Владимир Зеленский УҚК томонидан Курск вилоятида асир олинган шимолий кореялик икки аскар сўроқ қилингани акс этмиш кадрларни ёйинлаган эди. Асирлардан бирининг ёнидан Тивада яшаган Аранчин Антонин номига берилган ҳарбий билет топилган. Аввалроқ ОАВда Россия Курскдаги жангларда шимолий кореялик аскарлар иштирок этаётганини яшираётгани ва уларга сохта шахсий гувоҳномалар бераётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Зеленский 12 январь кунги мурожаатида, агар КХДР лидери Ким Чен Ин шимолий кореяликларни Россияда тутқунликда сақланаётган украиналикларга алмаштирилишини ташкил этолса, унга асирларни топширишга тайёрлигини билдирган.
Украина президенти ёйинлаган видеода асирлардан бири ўзининг Украинага қарши жанг қилиш учун юборилганини билмагани, командирлар уларга бунинг фақат ҳарбий машқ эканини айтишганини маълум қилган. Шимолий кореялик асирларнинг яна бири оиласи борлиги, бироқ яқинлари унинг қаерда эканини билмаслигини айтган. “КХДРга қайтишни истайсизми?” деган саволга улардан бири “ҳа” деб жавоб берган, яна бири Украинада яшашни исташини айтган.
Ғарб разведкалари иддаосига кўра, урушда иштирок этиш учун Россияга КХДРдан 10 минг чоғли ҳарбий келган бўлиши мумкин. Улар орасида қурбонлар сони юзлаб ва ҳатто минглаб экани айтилган, бироқ бу рақамлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас. Зеленский иддаосича, “Украинага қарши урушда шимолий кореяликлар иштирок этаётганига исбот-далил бўлмаслиги учун россиялик ва КХДРдан бўлган бошқа аскарлар кўпинча ярадорларни ўлдириб кетишади”.
Москва ва Пхеньян Украинага қарши жангларда КХДРдан бўлган ҳарбийлар иштирок этаётганини тасдиқламаган, бироқ буни тўғридан-тўғри инкор ҳам қилган эмас.