Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда бир жинсли никоҳларга рухсат берилиши юзасидан мулоҳазаларга муносабат билдирди.
Депутат Telegram тармоғидаги ўз канали орқали “демократия йўлида инсон табиатига мос бўлмаган ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан бўлак ҳар нарсага чидаш мумкин”лигини,
бироқ “эркак билан эркакнинг ўзаро эр-хотин сифатида турмуш кечириб, муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилолмас”лигини урғулаган.
“Ва токи тирик эканмиз, Ўзбекистонда бундай бемаъни ҳаракатга қонунан рухсат берилмаслигига ишонаман. Рухсат берилган кун бизнинг ўлганимиз бўлади”, деб ёзган Р. Кушербаев.
Бир неча кундан бери хорижий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда "Ilga Europe" номли бир жинсли жуфтликларни қўллаб-қувватловчи ва бошқа қатор ташкилотларнинг Ўзбекистон президентига мамлакат қонунчилигидан бесоқолбозликни таъқиқловчи нормани чиқариб ташлаш ҳақида мурожаат билан чиққани муҳокама қилинаётганига эътибор қаратган депутат бу талаб бажарилган тақдирда, мамлакат тараққиёти ва миллат генофонди учун фожиа бўлишини таъкидлаган.
Кушербаевга кўра, “одамлар учун фойдаси тегадиган, келажак авлод фаровонлиги учун хизмат қиладиган таклифлар тиқилиб ётганда буларнинг сўраётган нарсаси ҳеч бир қолипга сиғмайдиган иш”дир.
“Агар бу инсон ҳуқуқларига зид, дейишса тупурдим бундай ҳуқуқига”, деб ёзган депутат Кушербаев.
Ўзбекистон ва хориждаги ЛГБТ фаоллари бир неча йилдан бери президент Ш. Мирзиёевдан мамлакат Жиноят кодексидан гомосексуализм учун жиноий таъқиб кўзда тутилган 120-моддани олиб ташлашни сўраб келишади. Мазкур моддага мувофиқ, бесоқолбозлик учун "бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш" жазоси белгиланган.
Гомосексуализм учун жиноий жазо постсовет ўлкалар орасида Ўзбекистондан ташқари фақат Туркманистонда қолган. Ўзбекистонда гомосексуализмни жиноятлар рўйхатидан чиқариш масаласи БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотларида ҳам кўтарилган.