Куз-қиш мавсумига ҳозирлик учун қўшимча 14 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистонда бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан 10 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Президент матбуот хизмати қайдича, йиғилишда Мирзиёев буларни эълон қилар экан, “Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея мутасаддиларни огоҳлантирган.

Видеоселекторда президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлаган. У ҳар бир ҳокимга 1 тадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш бўйича топшириқ берган. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги урғуланган.

Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт”, деган жумладан Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона, қозон ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгиланган.

Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Энергетика вазирлиги раҳбарларини ҳудудларга бириктиришга қарор қилинган. Вазирлик раҳбарлари жойларда ишларни ташкил қилишга ҳамда ҳар бир носозлик ва аварияларни зудлик билан бартараф этишга масъул бўлиши айтилган.

Шу билан бирга, йиғилишда йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш боис айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмагани танқид қилинган. Бунга кўп қаватли уйларнинг айримларидаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлгани сабаб ўлароқ келтирилиб, мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилган.

Айни пайтда ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилган.

Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам тингланган.