МДҲнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Президент Тоқаевнинг илтимосига биноан 6 январь куни ташкилот аъзоси бўлган Қозоғистонга ўзининг хавфсизлик кучларини киритди.
Бу амалда Россия етакчилигидаги ҳарбий блокнинг 1992 йилда Тошкентда ташкил топганидан буён биринчи тўлақонли хавфсизлик амалиётидир.
Озодлик МДҲ доирасидаги ушбу ҳарбий сафарбарликнинг ўтмишда КХШТга икки марта аъзо бўлган ва ундан икки марта чиққан Ўзбекистон ва минтақага таъсири борасида экспертларнинг фикрларини ўрганди.
КХШТнинг илк амалиёти
Россия армиясининг ҳарбий бўлинмалари Қозоғистонда топшириқларни бажаришга киришди. Бу ҳақда пайшанба куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) котибияти расман маълум қилди.
5 январь куни ташкилотга раислик қилаётган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян КХШТ кучлари Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев илтимоси билан киритилаётганини билдирган эди.
Тоқаев ўз баёнотида “террорчилик таҳдидини бартараф этишда ёрдам сўраб КХШТ раҳбарларига мурожаат қилганини” айтди.
Биринчи бўлиб Россия ўзининг Қозоғистонга ҳарбий ҳаво кучлари бўлинмаларини ташлади. Россия Мудофаа вазирлиги рус ҳарбийларининг ҳарбий-транспорт самолётига чиқаётгани акс этган видеоларни эълон қилди.
Айни пайтда Қозоғистоннинг ўз Қуролли Кучлари сони 70 минг кишидан ошади. Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Қозоғистон армиясида жами 167 минг ҳарбий хизматчи бор, бу мамлакат умумий аҳолисининг 0,9 фоизини ташкил қилади.
Ташкилот баёнотида айтилишича, ҳарбийларнинг вазифаси “муҳим давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот кучларига вазиятни барқарорлаштиришда ёрдам беришдир”.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг 6 январь куни маълум қилишича, Москва “дўст мамлакатдаги сўнгги воқеаларни” “давлат хавфсизлиги ва яхлитлигига путур етказиш учун тайёргарликдан ўтган ва уюшган ҳамда ташқаридан бошқарилаётган қуролли тузилмаларнинг зўравонлик йўли билан ағдаришга уриниши” деб билади. Бу уриниш ортида қандай кучлар тургани ТИВ баёнотида айтилмаган.
КХШТ матбуот-котиби Владимир Зайнетдиновга кўра, коллектив қўшинлар “вазиятни барқарорлашиши ва нормаллаштириши учун зарур бўлган чекланган муддатга” киритилмоқда.
Россиянинг Кремлга яқин ОАВлари Қозоғистонда юзага келган вазият аллақачон“рангли инқилоб” деб атамоқда.
Айни дамда Қозоғистонга Россия ва Беларус қўшинлари, шунингдек, Арманистондан 70 га яқин, Тожикистондан эса 200 га яқин аскар юборилиши тасдиқланган.
Қирғизистон пойтахти Бишкекда эса, қирғиз ҳарбийларининг Қозоғистонга юборилишига қарши норозиликлар янгради.
“Тошкент пакти” номи билан ҳам билинган КХШТ 1992 йилда Россия, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган. Ўзбекистон, Озарбайжон ва Грузия бу шартномани узайтиришдан бош тортиб, 1997 йилда ГУУАМ ташкилотини тузган.
Андижон воқеаларидан кейин Ислом Каримов 2006 йилнинг августида Ўзбекистоннинг КХШТдаги аъзолигини тўлиқ тиклади, аммо Ғарб билан алоқалар қайта тикланиши ортидан 2012 йилда бу ташкилотга аъзолигини "вақтинча тўхтатгани"ни эълон қилди.
2010 йилги Қирғизистондаги қонли воқеалар пайтида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Роза Отунбаеванинг қўшин киритиш талабига амалда Россия бошқариб келаётган ва кўпинча “рус НАТОСИ” номи билан аталувчи КХШТ ташкилоти рад жавобини берган эди.
“КХШТ одамларни отишга тайёрми?”
Тошкентлик сиёсий таҳлилчи Анвар Назир КХШТ кучларининг Қозоғистонга киритилиши аллақачон мамлакат имиджига зарар етказиб бўлди, деган фикрда.
- Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг ривожланган ва мустақил ташқи сиёсатига эга ягона давлати эди, ҳозир бунинг ҳаммаси пучга чиқди. Мустақил сиёсатни энди унутса бўлади. Бу босқин билан миллат норозилиги йўқ бўлиб кетмайди. “КХШТ одамларни отишга тайёрми?”, деган савол пайдо бўляпти. Қозоғистоннинг кучли армияси, хавфсизлик кучлари бор. Нима учун Тоқаев КХШТни чақирди, ўзининг кучи етмасмиди? Қозоғистон кучлари ўзларининг давлат объектларини қўриқлай олмас эканми? Қозоқ халқи КХШТ киритилишини оккупация деб қабул қилиши мумкин. Шу сабабли ҳам Ўзбекистоннинг КХШТга кирмагани ва биродар халқни бостиришда иштирок этмагани яхши бўлди ва у ҳар қандай ҳарбий тузилмалардан сақланиши керак, деб ўйлайман.
"Тоқаев Назарбоев “эра”сига якун ясади"
Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари университети (SOAS) нинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси, сиёсатшунос Алишер Илҳомов фикрича, Жанаўзен ва Ғарбий Қозоғистонда кўтарилган ғалаёнлар Назарбоев қурган эски тузумнинг интиҳосини янглатади.
- Тоқаев Назарбоев йиллар давомида жамиятда мувозанатни тиклаган “эра”сига якун ясади. У Россия билан яқинлашгани, КХШТ ва Евросиё Иттифоқига қўшилгани билан бирга Туркия билан иттифоқлашган, АҚШ инвестициялари учун эшикларни очган, Ғарб давлатлари ва ташкилотлари билан ҳам кўпвекторли алоқалар ўрнатишга уринган. Яъни нисбатан мустақил сиёсат юргизиб келган. Аммо Назарбоевнинг ҳокимиятда узоқ қолиши бу ислоҳотларни йўққа чиқара бошлади. Коррупция, қариндош-уруғчилик уни обрўсини тўкди. Тоқаевнинг Москва билан яқинлашаётгани эса, Қозоғистоннинг Россия оёқ-остига тушишини англатиши мумкин.
Бошқа тахминларга кўра, шу йўсин Тоқаев Назарбоевнинг назоратидан қутулиш ва иккиҳокимиятчиликка барҳам беришини англатади. Президентнинг фавқулодда вазият ва КХШТ қўшинларини киритиши унинг кучишлатар тизимларга ишончсизлиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Шу тариқа у ўз ҳокимиятини кучайтиришга ва мамлакатни қўлга олишга интилади. Бу тахминларнинг қай бири амалга ошиши Россия қўшинларининг қанча вақт қозоқ ерида қолишига боғлиқ бўлади. Назарбоевнинг тузган “мувозанат” тизими вайрон қилинса, мамлакат Россияга қарам бўлади.
Бу ҳодисалар Ўзбекистон сиёсатига ҳам босим ўтказиши аниқ. “Кўряпсизми, Қозоғистонга нима бўлди?! Сиз ҳам назоратни йўқотиб қўйишингиз хавфи мавжуд, сизларда ҳам норозилик чиқиши мумкин ва биздан бошқа ҳеч ким ёрдамга келмайди”, деган савол Ўзбекистондаги Россия билан яқинлашиш тарафдорларига аргумент бўлиб хизмат қилади ва мамлакатни нафақат иқтисодий иттифоқ, балки ҳарбий блокка қўшилишга ундаши мумкин. Шу сабабли Мирзиёев ҳам қанчалик кўп ҳокимиятда қолса, уни шунчалик кўп Назарбоев тақдири кутаётганини англаши лозим. Ахир, Назарбоевнинг ҳам бир вақтлар халқ орасида обрўли жуда баланд бўлган! Ўзбекистондаги ахборот майдонининг тозаланаётгани ва нарх-навонинг туширилаётганидан Қозоғистондаги вазият Мирзиёевни қўрқитиб юборди, деган хулоса қилиш мумкин. Бундай ҳодисалар ҳар қандай авторитар тузумлар учун хатарли экани турган гап, дейди сиёсатшунос Алишер Илҳомов.
"Путин режимининг қуроли"
Москвадаги Мустақил экспертиза ва ҳуқуқ институти илмий-тадқиқот маркази вице-президенти, таҳлилчи Алишер Аминовнинг Озодликка айтишича, ҳозирда гап Қозоғистон раҳбарияти ва мамлакатнинг мустақиллигии ҳақида бормоқда.
- Бу аслида "газ норозиликлари" эмас, бу коррупцияга ботган қозоқ элитаси қарши ижтимоий норозилик. КХШТ кучларининг киритилиши Қозоғистон президентининг келажакда мустақил шахс бўлмаслигини англатади. Русийзабон аҳоли қозоқлар томонидан тажовузкор сифатида қабул қилинадиган хавфлар пайдо бўлади. Шуни тушуниш керакки, бу ташкилот ҳеч қандай "коллектив хавфсизлик"ни таъминламайди, фақат Путин режимининг қуроли ҳисобланади.
Россиянинг ўзи ва минтақанинг бошқа давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам олигархик гуруҳлар ҳамда аҳолининг катта қисми ўртасида ижтимоий тенгсизлик кучайиб бормоқда. Ва агарда ҳукуматлар тенглик ва адолатни таъминламаса, Қозоғистондаги воқеалар бошқа давлатларда ҳам юз бериши мумкин ва ҳеч қандай КХШТ ёрдам бермайди, - дейди Алишер Аминов.