Латвия ЕИни россияликларга туризм визаларини бермасликка чақирди

Латвия ва Европа Иттифоқи байроқлари

Латвия ва Европа Иттифоқи байроқлари

Латвия ички ишлар вазири Рихард Козловскис Европа Иттифоқи давлатларига Россия фуқаролари учун шенген туризм визаларини беришни тўхтатишни таклиф қилди. У 6 март куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ адлия ва ички ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида шундай баёнот билан чиқди.

Козловскис ўз таклифини Россия Европага қарши “гибрид уруш” олиб бораётгани ва бу Европа хавфсизлигига таҳдид солаётгани билан изоҳлади. У буни чегарадан ноқонуний ўтиш ҳолатлари, саботажлар, жумладан, Окупация музейининг ёқиб юборилиши, дронлар учиши ва ахборот таъсирига уринишлар билан мисол келтирди.

Европа комиссияси маълумотларига кўра, 2024 йилда Россия фуқароларига 565 069 шенген визаси берилган, бу ўтган йилга нисбатан 25% кўпроқ. Ҳужжатларнинг 90% туризм мақсадида расмийлаштирилган. Россияликларга берилган визалар умумий шенген визаларининг 5,7% қисмини ташкил қилган.

Вазир таъкидлашича, Латвия россияликларга туризм виза беришни 2022 йилда, Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг тўхтатган. Ҳозирда мамлакат фақатгина инсонпарварлик сабаблари асосида виза беради. Бундай чораларни Эстония, Литва, Польша ва Чехия ҳам қўллаган.

ЕИ ички ишлар бўйича комиссия раҳбари Магнус Брунер вазиятдан ташвишда эканини билдириб, Евроиттифоқ давлатларини россияликларга виза бериш масаласида ягона позиция ишлаб чиқишга чақирди. Виза бериш бўйича эҳтимолий чекловлар ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилиниши кутилмоқда.