Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа Иттифоқи Россияни Марказий Осиёдан суриб чиқармоқчи бўлаётганини иддао қилди. Унга кўра, Москва Марказий Осиёни ҳеч қачон тарк этмайди.
AFP агентлигининг хабар беришича, Лавров бу ҳақда президент Владимир Путин 9 ноябрда Остонада президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан ўтказган музокаралар якуни юзасидан журналистларга берган интервьюсида гапирган.
“Европа Иттифоқи бизни имкони борича Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидан сиқиб чиқариш нияти борлигини сир тутмайди. Бундай бўлмайди. Биз бу минтақаларда тарихий асосларга эгамиз. Биз кетмаймиз. Бизнинг ҳамкорлармиз буни яхши билишади”, - деди Лавров.
Россия ташқи ишлар вазирининг бу баёноти Франция президенти Эммануэл Макроннинг 1 ноябрда Остонада айтган гапларига жавоб бўлди.
Макрон ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокараларда қозоқ ҳукуматининг бирор бир давлатга қарам бўлмаслик ҳаракатини қўллаб-қувватлашини билдирган эди. У Қозоғистонга турли омиллар билан босим кўрсатилаётганини ҳам қайд этганди.
“Ҳар қандай катта давлатнинг вассали бўлишдан бош тортган ва турли мамлакатлар билан ўзаро тенглик асосида ҳамкорлик қилишни кўзлаган сизнинг давлатингиз танлаган йўл Франция стратегиясига яқиндир”, - деган Макрон.
Франция президенти Самарқандда 2 ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам музокаралар ўтказган эди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, музокара чоғида “етакчилар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар”.