Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанд ташрифи натижаларига оид матбуот анжуманида Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ иттифоқи муҳокамасида илгарилаш кузатилаётгани ҳақида билдирди.
“Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон жумладан президентлар даражасида бу кўламли лойиҳа муҳокамасида актив равишда илгарилади”, дея иқтибос келтирди ТАСС агентлиги Лавров сўзларидан.
Россия ТИВ раҳбари иддаосича, газ иттифоқи лойиҳаси энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаши “мутлақо аниқ”.
“Уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истаги Россия президенти Владимир Путин томонидан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган эди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, ушбу минтақада энергия таъминоти йўллари “ўта долзарб” ва бундай иттифоқ “ҳар учала давлат манфаатларига мос келади”.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 7 декабрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Вазирга кўра, Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши иттифоқ тузилишини англатмайди.
Озодлик радиоси жорий йилнинг куз ва қиш мавсумида Ўзбекистонда юз берган энергетик инқироз ҳақида кўплаб хабарларни ҳамда ўзбек газини оффшордаги ширкатлар воситасида хорижга сув текинга пуллангани тўғрисидаги журналистик суриштирувини эълон қилган.