Исроил “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилган куни унинг қаерда эканига оид маълумотни гуруҳга суқилган эронлик агентдан олган. Бу ҳақда Франциянинг Le Parisien нашри хабар қилди.
“Ҳизбуллоҳ” лидери ўлдирилган 27 сентябрь куни Байрутнинг жанубий четида жойлашган Насруллоҳнинг бункери яқинида гуруҳнинг яқинда ўлдирилган жангариси дафн маросими бўлиб ўтаётган эди. Жанозадан сўнг Ҳасан Насруллоҳ, эронлик генерал ва “Ҳизбуллоҳ”нинг 12 нафар командири бункерда тўпланган. Агент томонидан огоҳлантирилган Исроил разведкаси бу орада уларни мунтазам равишда кузатиб турган. Бу пайтда F-35 учоқлар ҳужум ҳақида буйруқни кутиб, ҳавода учиб юрган эди.
Гуруҳнинг бутун ҳарбий раҳбарияти штабда тўпланганидан кейин Исроил учоқлари ҳар бири икки тонна келадиган олтита бомба ташлашган. Бунинг натижасида “Ҳизбуллоҳ” бункери ўрнида чуқурлиги 30 метр келадиган чоҳ пайдо бўлган.
Шиа лидери топшириқларини бажариш ва етказиш учун масъул бўлган одамлар портлашлардан сўнг у билан ҳар қанақа алоқани йўқотишган, дея иқтибос келтирган “Ҳизбуллоҳ”га яқин бўлган манба сўзларидан Le Parisien нашри.
The New York Times газетаси ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, 2006 йилда иккинчи Ливан уруши тугаганидан сўнг Исроил кучли разведка тармоғини ташкил қилган, у “Ҳизбуллоҳ” ичига чуқур сизгани ҳақида ёзган. Нашр суҳбатдошларига кўра, шу сабабдан ҳарбийлар АҚШга маълумотлар етказиш имконига эга бўлишган. Натижада 2020 йил январида Ироқда Ислом инқилоби посбонлари корпуси махсус бўлинмасининг собиқ қўмондорни Қосим Сулаймоний ўлдирилган.
Якшанба оқшомига келиб Исроил армияси Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмаси бўйлаб ҳужумлар серияси тугагани ҳақида билдирган. Исроиллик ҳарбийларга кўра, зарбалар Ливан жанубидаги тақрибан 120 та ҳарбий объектга берилган.
“Ҳизбуллоҳ” Ливан жанубидаги шиа мазҳабига мансуб аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларнинг катта қисмини назорат қилувчи қуролли гуруҳ ва сиёсий партия бўлиб ҳисобланади. АҚШ “Ҳизбуллоҳ”ни террор ташкилоти деб тан олган, Европа Иттифоқи эса фақат унинг ҳарбий қанотинигина террор ташкилоти деб тан олган. “Ҳизбуллоҳ” партияси Ливан парламентида ўз тамсилчиларига эга.
АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилган 2023 йил 7 октябридан кейин “Ҳизбуллоҳ” Исроил шимолида ўт очишни фаоллаштирган. Натижада айрим аҳоли пунктлари эвакуация қилинган. Бунга жавобан Исроил “Ҳизбуллоҳ” мавқелари бўйлаб зарбалар бера бошлаган.
Тўқнашув “Ҳизбуллоҳ” жангарилари пейжерлари ва рациялари портлаган шу йил сентябридан кейин кучайиб кетган. Ўшанда ўнлаб киши ҳалок бўлган, уч мингга яқин одам яралаган. Гуруҳ жиҳозларга ҳужумда Исроилни айблаб чиққан.