Ленинград вилоятида муҳожирлар кавказликлар билан муштлашди

Оммавий жанжал жойи

Ленинград вилоятининг Кудрово қишлоғидаги катта қурилишлардан бирида юзга яқин муҳожир ва кавказликлар ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув натижасида 17 киши полиция бўлимига олиб кетилди. Ҳодиса жойида доғистонликларга тегишли учта автомашина ағдариб ташланди. Полиция жанжалга “оддий маиший келишмовчилик” сабаб бўлганини гапирмоқда.

Ленинград вилоятининг Всеволожский тумани Кудрово қишлоғидаги кўп қаватли бино қурилиши майдончасида 27 июнь куни оммавий тартибсизликлар рўй берди.

Бу ҳақда биринчи бўлиб “ВКонтакте” тармоғидаги “Жизнь в Кудрово” ижтимоий гуруҳи фойдаланувчилари хабар берди.

Қурилиш шаҳарчасидаги катта уй ортида кўплаб қурувчилар йиғилди. Жуда кўп, 30-50-тача одам бор. Кимдир таёқ кўтарган. Панжаралар устидан ошиб ўтишди. Шаҳарчанинг бир четида иккита иккита енгил машина ағдарилиб ётибди. Биз полицияга қўнғироқ қилдик. Тўда-тўда бўлиб туришибди. Уларда нима инқилоб экан-а???”, деб ёзди Ксения Стрельникова.

Аввалига биз гастарбайтерларни ФМС босибдими, деб ўйладик”, деб тахмин қилади Алексей.

Кейинроқ, гувоҳлар қурилиш шаҳарчасида яшовчи 100-га яқин ишчилар югуриб кетаётганини кўрган. Жанжал жойидан травматик қурол овози эшитилгани қайд этилди.

Кудрово қишлоғидаги оммавий муштлашув тўғрисида хабар кечки соат 22:00да маҳаллий полиция навбатчисига келиб тушган.

Ленинград вилояти бўйича Ички ишлар бошқармасида Озодлик сўровига бевосита муштлашувда 50 яқин одам иштирок этгани, ҳодиса жойига етиб келган оператив наряд 17 нафар меҳнат муҳожирини полиция бўлимига келтирганини тасдиқлашди.

Полициянинг дастлабки тахминларига кўра, муштлашув доғистонликлар ва шу қурилиш ишчилари бўлган мигрантлар ўртасида содир бўлган.

- Бу оддий маиший жанжал. У ҳақда ёзишнинг ҳам ҳожати йўқ – ҳеч ким жиддий жароҳатлангани йўқ. Доғистонликлар билан шу ерда ишловчи меҳнат муҳожирлари урушиб қолибди. Тўғриси, доғистонликлар келиб ишчи-муҳожирлардан нимадир талаб қилишибди. Улар эса муносиб жавоб қайтарибди. Бўлгани шу! Полиция боргунига қадар ҳамма тарқаб кетганди, деди Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти полиция бошқармаси расмийси Элмар Шакирзяев.

Полиция бошқармасида бир неча киши ўрта ва енгил жароҳат олганини билдиришди.

Ася исмли яна бир ҳодиса гувоҳи муштлашувга қурилиш ёнидан машинада ўтиб кетаётган доғистонлик йигит бир нечта муҳожирга лой сачратиб кетганини сабаб қилиб кўрсатди. Шилтаси чиққан меҳнат муҳожирлари уни тўхтатиб савалашган. Калтакланган Доғистон фуқароси эса бирмунча вақтдан кейин “ўзидан кетиб қолган мигрантларни таъзирини бериб қўйиш учун” бир нечта машинада ҳамюртларини чақиртириб келган.

Оммавий муштлашувда арматура, тош ва таёқлардан ташқари доғистонликлар томонидан травмат қуроли ишлатилгани маълум.

Кейинроқ “Жизнь в Кудрово” ижтимоий гуруҳида ҳодиса жойидан қўл телефонига олинган видеотасвир ҳам пайдо бўлди.

​Унда қурилиш шаҳарчасидан чиқиб келаётган ўнлаб меҳнат муҳожирлари кириш дарвозаси олдида турган бир нечта машинани майдалаётганини кўриш мумкин.

Ўқ овози янграганидан сўнг, оломон орасидан тилка-пора кийимда бўлган бир неча киши қочиб кетаётгани акс этган.

Ҳодиса жойига келган полиция “Сузуки”, “Тойота” ва “Жигули” автомашиналарини ағдариб ташланган ҳолатда аниқлаган. Машиналар доғистонликларга тегишли эканини тахмин қилиш мушкул эмас.

Полицияда жабрланганлар йўқлиги ва бу ҳодиса юзасидан бирорта арз-шикоят аризаси қабул қилинмагани, дастлабки тафтиш натижалари асосида жиноий иш қўзғатилиши-қўзғатилмаслиги масаласи кўрилаётганини билдиришмоқда.

Петербург полиция бошқармасида Кудроводаги муштлашувнинг бундан олдинроқ Москвадаги Хованский қабристонида содир бўлган оммавий тўқнашув билан солиштирмасликни сўрашди.

Айтиш жойизки, Россиянинг турли минтақаларидаги қурилиш майдончаларида мигрантлар иштирокидаги оммавий муштлашувлар вақти-вақти билан содир бўлиб туради.

Маълумки, 2016 йилнинг 14 майида Москванинг Хованское қабристонида кавказлик ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ўртасида содир бўлган қонли тўқнашувда уч нафар тожикистонлик меҳнат муҳожири отиб ўлдирилган эди.

Жорий йилнинг 20 июнида Петербургнинг Софийская сабзавот-мева базасида 200 кишича муҳожирлар орасида оммавий тўқнашувлар бўлиб ўтганди. Бу муштлашувга Озарбайжон фуқароси бўлган 43 ёшли тадбиркор Маъриф Исмоиловнинг ўз ҳамюрти Эмил Гусейнов томонидан отиб ўлдирилгани сабаб бўлган эди. Бу муштлашувда асосан тожик ва озарий муҳожирлари иштирок этгани маълум.

Бундан икки йил олдин 26 май куни Россия пойтахтида қурилаётган “Москва-Сити” бизнес-марказида ишлаётган меҳнат муҳожирлари орасида бўлиб ўтган жанжал тўғрисидаги видео Youtube порталида пайдо бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.​