Россиянинг Ленинград вилояти Кингисепп туманидаги Караваево қишлоғи аҳолиси қишлоққа ўзбекистонлик мигрантлар жойлаштирилгани сабабли 22 январь куни халқ йиғинини чақириш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда 47news.ru сайти хабар берган.
Ўзбекистонлик муҳожирлар “Газпром” ширкатининг Усть-Луга яқинидаги газ-кимё мажмуасида ишлашади.
Караваевликларга кўра, улар қишлоқда мигрантларга нисбатан камчилик бўлиб қолишдан қўрқишмоқда. Қишда бу ерда кўпи билан 20 киши яшайди, ёзда қишлоқ аҳли 70 нафаргача етади. Мигрантлар учун эса ҳар бири 100 кишига мўлжалланган иккита ётоқхона қурилгани айтилмоқда.
Маҳаллий аҳоли муҳожирларнинг рус тилини билмаслигидан, “қишлоқда назоратсиз юришганидан” ва танбеҳларга парвосизликларидан шикоят қилмоқда.
“У ерда пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолган кўп сонли мигрантларнинг пайдо бўлиши маҳаллий аҳолига нисбатан жиноятлар содир этилишига шароит яратиши мумкин. Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолади. Қишлоқда катталар билан бирга болалар ҳам яшайди, кексалар эса ўз ҳовлисидан ташқарига чиқишга қўрқадиган бўлиб қолди. Буларнинг бари жиноятчиликнинг ўсишига ва халқ ғалаёнига сабаб бўлиши мумкин”, дейилган қишлоқ аҳолисининг маҳаллий ҳокимият идорасига ёзган аризасида.
Қишлоқликлар шикоятидан сўнг полиция текширув ўтказиб, баракларда 47 нафар ўзбекистонлик истиқомат қилиши ва уларнинг ҳужжатларида камчилик йўқлигини билдирган.