Миллиардер Олег Дерипаска: Россияда кейинги йилда пул қолмайди

Дерипаска 2018 йилдан бери санкциялар рўйхатига киритилган.

Россиялик миллиардер Олег Дерипаска Красноярск иқтисодий форумида қилган чиқишида, агар мамлакатга хорижий инвесторлар келмаса, «кейинги йилда Россияда пул қолмаслиги»ни айтди.

«Бизнесда жиддий муаммолар бошланди, чунки бизнеснинг бор-йўғини шилиб олишди”, -деган Дерипаска “дўст мамлакатлардан” хориж инвесторларини жалб қилиш ва “бозорни Осиёга кўчириш” учун “қонун устуворлиги” зарурлигини таъкидлади.

«Агар биз ҳар чоракда қандайдир муаммолар юзага келгани оқибатида ўйин қоидаларини ўзгартираверсак, бизга россиялик тадбиркорлар ҳам, хорижлик тадбиркорлар ҳам ишонмай қўяди”, -деди Дерипаска.

Миллиардер «ҳукумат амалдорлари ва куч ишлатар тузилмалар ходимлари сонини икки-уч баробарга қисқартириш” шарт эканини, улар иқтисодиёт учун “оғир юк бўлаётгани”ни қайд этди.

Миллиардер Олег Дерипаска 2018 йил апрелидан бери президент Владимир Путинга яқин бўлган шахс сифатида АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган.