Мижоздан хизмат ҳақи олиш тақиқланиши ортидан, айрим хусусий бандлик агентликлари ишини тўхтатишга мажбур бўлмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов маҳаллий матбуотга, "қатор агентликлар" лицензиясини бекор қилишни сўраб, ариза киритганини билдирди.
Янги қонуний тартибга кўра, хусусий бандлик агентликларига хорижга йўллаган мижозларидан хизмат ҳақи олиш тақиқланган, маслаҳат ва ахборот хизмати учун олинадиган ҳақ миқдори ҳам чекланган.
Ўзбекистонда шу йилнинг 14 ноябридан бошлаб "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирганди.
Янги тартибга кўра, Ўзбекистон ватандошларига хориждан иш топиб берадиган хусусий агентликлар ўз мижозидан хизмат ҳақи олиши мумкин эмас. Қонунга биноан агентликлар бу ҳақни ишчига иш бераётган хорижий ширкатдан ундириши лозим.
Хусусий агентликлар фақатгина маслаҳат ва ахборот хизмати учун ҳақ олиши мумкин, аммо бу сумма ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (тақрибан 223 минг сўм) миқдорида чекланган.
Бундан ташқари, миграция бозорида иш бошламоқчи бўлган хусусий агентликлар лицензия олиш учун, Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги жамғармага базавий ҳисоблаш миқдорининг 8500 баравари (тақрибан 1 миллиард 90 миллион сўм) миқдорида захира маблағ қўйиши лозим.
Бунинг устига, агентликда тузилган ҳар бир шартнома нусхаси Меҳнат вазирлиги маълумотлар базасига киритилиши шарт.
Бу янги тартиб кучга кириши билан, мамлакатда ишлаш ҳуқуқини сақлаб турган саноқли хусусий бандлик агентликлари ҳам фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.
Daryo.uz нашрининг ёзишича, бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов маълум қилган. Аммо, масъул конкрет қанча ширкат ишидан воз кечишга қарор қилганини билдирмаган.
М. Маматхонов бу ўзгартишлар соҳадаги фирибгарликлар олдини олиш учун киритилганини таъкидламоқда.
Вазирлик берган расмий маълумотга кўра, шу кунга қадар хусусий бандлик агентликлари томонидан 9 минг 338 фуқаро алданиб қолгани, улардан алдов йўли билан салкам 80 миллиард сўм маблағ ўзлаштириб олингани аниқланган.
Шу йилнинг 27 ноябрь куни хусусий бандлик агентликлари фаолияти билан боғлиқ масалада АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов алданган фуқароларнинг пулини қайтариш билан боғлиқ саволларга жавоб берди.
Маматхонов хусусий бандлик агентликларидан жабр кўрган фуқароларнинг пулларини ундириш бўйича суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг ҳукм ижроси Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилишини айтди.
"Ваколатли орган — МИБ ҳисобланади. МИБ томонидан тегишли бандлик агентлиги ҳисоб-рақамидаги мавжуд маблағлар, мол-мулклари сотувга қўйилади. Бу пулларни жамлаган ҳолда, мутаносиб равишда жабрланган ҳар бир фуқарога пулларини қайтариш чоралари кўрилади", - деди Маматхонов.
Матбуот анжуманида билдирилишича, Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ фуқаро ҳусусий бандлик агентликларига алданган, улардан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган маблағлар 79 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади.
Сўнгги уч йил давомида вазирлик реестридан 104 та хусусий агентлик рўйхатдан ўтган бўлиб, шулардан 75 тасига хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича лицензия берилган.
Шу агентликлардан 55 тасининг лицензияси бекор қилиниб, ҳозирги кунда 20 таси фаолиятини давом эттирмоқда.
11 та хусусий бандлик агентлигининг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга алоқадор "Шуми халқ билан мулоқот?"- вазир ўринбосари алданган фуқароларни "саводсиз"дегани учун танқид қилинди