Литва Беларусь билан чегарага девор қуришни якунлади

Деворнинг узунлиги 502 километр, баландлиги эса 5 метр.

Литва Беларусь билан чегарага девор қуриш ишларини якунлади. Бу ҳақда Болтиқ янгиликлар хизматига қурилишни олиб борган EPSO-G ширкати маълум қилди.

Деворнинг узунлиги 502 километр, баландлиги эса 5 метр. Деворнинг юқори қисми тиконли симлар билан тўсилган. Литва ва Беларусь ўртасидаги чегара 679 километр бўлиб, унинг 100 километри дарё ва кўллар орқали ўтади.

Литва ҳукумати Беларусь билан чегарага девор қуриш тўғрисида 2021 йилнинг июлида қарор қилган эди. Бунга 2021 йилнинг баҳорида Яқин Шарқ ва Африкадан келган минглаб мигрантлар Европа Иттифоқи ҳудудига ноқонуний ўтмоқчи бўлгани сабаб сифатида кўрсатилган. Биргина Литва чегарасида тўрт минг мигрант қўлга олинган.

Литва бош вазири Ингрида Шимоните 29 август куни махсус комиссия девор қуриш ишлари якунланганини тасдиқлагани тўғрисида билдирди. Режага асосан девор 2022 йилнинг сентябригача қуриб битказилиши лозим эди.

Шимоните Минскни мигрантларни Литва чегарасига ўч олиш ва Европа Иттифоқига босим кўрсатиш мақсадида махсус йўналтирмоқда, деб баёнот берган. Шимонитега кўра, Европа Иттифоқи Беларусь ҳукуматини репрессиялар ўтказаётганликда айблаб, санкциялар жорий этгани учун Минск мана шу тарзда ўч олмоқда.

Миграциявий кризис ўтган йилнинг кузида ҳал этилган эди. Аммо шу кунгача Литва чегарачилари кунига 60-70 киши ноқонуний равишда чегарадан ўтишга ҳаракат қилаётганини айтмоқдалар.

2022 йилнинг июнида Финляндия ҳам Россия билан чегарасига девор қуриш режаси мавжудлигини маълум қилган. Фин ҳукумати Россия ҳам Европа Иттифоқига “гибрид таъсир” ўтказиш мақсадида чегара яқинида ноқонуний мигрантлардан фойдаланиши мумкинлигидан ташвиш билдирган.