Литва муассасалари Россия тарафидан ялпи киберҳужумга учради

Литвадаги давлат муассасалари ва хусусий ташкилотлар 27 июнь куни киберҳужумлардан зарар кўрган. Бу ҳақда Литва Киберхавфсизлик миллий маркази баёнот берди.

Марказ қайдича, хусусан, Давлат солиқ инспекцияси, Миграция департаменти, шунингдек транспорт ширкатлари ва бир неча ОАВ сайтлари ишламаган.

Киберхавфсизлик миллий маркази директори Йонас Скардинскасга кўра, ҳужумлар Россиядан туриб амалга оширилган. Ҳужумлар учун масъулиятни кремлпараст Killnet ҳакерлар гуруҳи ўз зиммасига олган. Гуруҳ ўз телеграм-каналида эълон қилган видеода Литвадан “Калининградни қамалдан чиқариш”ни талаб қилган, акс ҳолда эса ҳужумлар давом этажаги ҳақида огоҳлантирган.

Йонас Скардинскас катта эҳтимол билан яқин кунларда мамлакатнинг транспорт, энергетика ва молия тармоқларига оид сайтларга ҳужумлар уюштирилади, деган фикрда.

Ҳакерлар “Калининград қамали” деганда Литва санкция остига тушган юклар ортилмиш Россия юк поездларини ўз ҳудуди орқали Калининград вилоятига ўтказишдан бош тортаётганини назарда тутишган. Литва орқали Калининградга ташиш тақиқланган юклар орасида кўмир, металл, цемент, ёғоч ва юқори технологик буюмлар мавжуд.

Литванинг LTG темир йўл ширкати вакили Мантас Дубаукас ўз ширкати Европа Иттифоқининг Россияга қарши июнь ойи ўрталаридан тўлиқ кучга кирган санкцияларига риоя этажагини таъкидлаган. Москва гап импорт ҳақида эмас, балки Россиянинг бир ҳудудидан бошқа ҳудудига юкларни транзит қилиш ҳақида бораётганини эслатиб, Литва қарорига қатъий қарши чиққан ва қаттиққўллик билан жавоб чораларини кўришни ваъда қилган.