Литва парламенти Россиянинг Украинада жанг қилаётган “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатини террор ташкилоти деб тан олди. Бу ҳақда Литванинг LRT телеканали хабар қилди.
Резолюцияда қайд этилишича, “Вагнер гуруҳи” ёлланмалари давлат ва жамоатчилик хавфсизлиги учун таҳдиддир. Ҳужжатда Украинадаги уруш бошидан бери “Вагнер” ХҲШ қотиллик, тинч аҳоли вакилларини қийноққа солиш ва фуқаровий объектларга зарбалар бериш дохил кўплаб жиноятларни содир этаётгани, бу эса террорчиликка тенглаштирилиши мумкинлиги айтилган.
Ҳужжатда келтирилишича, “Вагнер” ХҲШ ўзини хусусий ширкат деб атаса-да, Россия давлати билан тиғиз алоқада бўлиб, ундан қурол-аслаҳа ва ўқ-дори олиб келади, ХҲШнинг жангчилари эса Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) зобитлари томонидан ўқитилиши тахмин қилинади. Резолюцияда бошқа мамлакатлар Литва парламентидан ўрнак олишга чақирилган.
Резолюция ҳеч кимга бевосита юридик мажбурият юкламайди. Европа Иттифоқида террор ташкилотларининг ягона рўйхати бўлиб, “Вагнер” ХҲШ унга киритилган эмас. Айни пайтда ташкилот ва унинг асосчиси Евгений Пригожинга қарши санкциялар жорий этилган.
2023 йилнинг январь ойида АҚШ Молия вазирлиги Украина урушидаги иштироки ҳамда Украина, МАР ва Малида содир этилган кўплаб ҳарбий жиноятларга гумонлар туфайли “Вагнер” ХҲШни трансмиллий жиноят ташкилоти деб эълон қилган. Бу орада АҚШ оммавий ахборот воситалари, Конгрессда “Вагнер” ХҲШни террор ташкилотлари рўйхатига қўшишга чақириқлари янграганига қарамай, Қўшма Штатлар маъмурияти бунга қарши бўлганини хабар қилишган. Канада парламенти ҳам “Вагнер” ХҲШни террор ташкилоти деб тан олишга чақирган.
“Вагнер” ХҲШ ёлланмалари ҳозирда Украинанинг Донецк вилоятидаги Бахмут шаҳри учун жангларда фаол иштирок этишмоқда. Ташкилот асосчиси Евгений Пригожин Россия қамоқхоналаридаги кўплаб маҳкумлар ХҲШга ёлланганини тасдиқлаган.