Amnesty International халқаро ташкилоти Литвадаги қочқинлар лагерларида сақланаётган Камерун, Конго, Ироқ, Нигерия, Сурия ва Шри-Ланкадан келган мигрантлар ҳаётини ўрганди.
Ташкилот бу борада 27 июнда эълон қилган ҳисоботида Литвада мигрантларга ноинсоний ва қўпол муносабатда бўлинаётганини маълум қилди. Ҳисоботда таъкидланишича, мигрантлар зўравонликларга ва ирқичликка дуч келмоқда.
Amnesty International мигрантларнинг кўпчилиги лагерларга мажбурий равишда жойлаштирилганини, улар ҳукуматга сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини таъкидлайди. Айрим мигрантлар эса калтакланганлари, ҳақорат қилинганларини айтганлар, шунингдек, мигрантлар яшайдиган лагерларда санитария шароити ночор, тиббий ёрдам тўлиқ кўрсатилмайди.
Мигрантлар жойлаштирилган қочқинлар лагерларидан бири аввал қамоқхона биноси бўлган, яна бир лагерь эса стадионда ташкил қилинган. Юзлаб мигрантлар юк ташишга мўлжалланган контейнерларда яшамоқда.
Amnesty International Европа Иттифоқи Литванинг миграция қонунчилигини Европа стандартларига мослаштирилишига эътибор қаратмаётганини танқид қилган.