Литвада 12 май куни президент сайлови ва икки фуқароликни машруълаштиришга оид референдум ўтказилди. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, президент сайлови ғолиби иккинчи босқичда аниқланади.
Овоз беришда давомат 59,37 фоизни ташкил қилган. Президент сайловининг биринчи босқичида 8 нафар номзод иштирок этган. Амалдаги президент Гитанас Науседа, сўнгги маълумотларга кўра, 44 фоиздан кўпроқ, бош вазир Ингрида Шимоните эса 20 фоизга яқин овоз олган. Бу икки номзод икки ҳафтадан кейин бўлиб ўтадиган иккинчи босқичда ўзаро беллашишади.
Науседа ва Шимоните 2019 йилдаги президент сайловида ҳам иккинчи босқичга чиқишган эди. Ўшанда Науседа биринчи босқичда 31 фоиз, Шимоните эса 31,15 фоиз овоз жамғарган. Иккинчи босқичда Науседа 66 фоиз овоз билан сайлов ғолибига айланган эди.
Бу галги овоз беришнинг дастлабки натижалари юзасидан изоҳ берган Науседа ҳозирда ўтган сафарги сайловдан кўра яхшироқ позицияда эканини билдирган.
“Ҳа, мен биринчи босқичдаёқ ғалаба қозонишни истардим. Бироқ, афтидан, иккинчи босқич бўладиганга ўхшайди. Мен иккинчи босқичда ғалаба учун астойдил курашаман ва ўйлайманки, буни уддалайман”, деган у.
Ўз навбатида, Шимоните: “Бу босқичда менинг асосий вазифам иккинчи босқичга чиқиш эди. Мен бу мақсадга эришдим, деб ҳисоблайман”, дея қайд этган.
Номзодларнинг иккаласи ҳам Россияга қарши урушда Украинанинг ҳар томонлама дастакланиши ва НАТОнинг мустаҳкамланиши тарафдори.
Президент сайлови билан бир вақтда Литвада икки фуқароликни машруълаштириш тўғрисидаги референдум ҳам бўлиб ўтган. Унда фуқаролар мамлакат Конституциясининг “ҳеч ким бир вақтнинг ўзида ҳам Литва Республикаси, ҳам бошқа давлат фуқароси бўлиши мумкин эмас”лиги кўзда тутилган 12-моддасини ўзгартириб-ўзгартирмаслик ҳақида ўз қарорларини билдиришлари лозим эди. Тузатиш бу қоидани бекор қилади. Бу бошқа мамлакат паспортини олган литваликларга ўз фуқаролигини сақлаб қолиш имконини беради.
Бу борада беш йил аввал ҳам референдум ўтказилган, бироқ ўшанда етарли овоз йиғилмагани учун тузатишлар қабул қилинган эмас.
Литва Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, бу галги референдум натижалари ҳам 12-моддага ўзгартиш киритиш имконини бермайди. Гарчи овоз берганларнинг қарийб 74 фоизи (1 миллионн 11 минг 14 нафар сайловчи) ўзгартишни ёқлаб овоз берган бўлса-да, бу Конституцияга ўзгартиш киритиш учун етарли эмас. Асосий қонунга ўзгартиш киритиш учун сайлов рўйхатидаги умумий сайловчилардан камида ярми (1 миллион 192 минг 617 овоз) буни ёқлаши лозим эди.